«Scopus Award – 2019» ғолиблари республика олимларининг шарафи

Илм ва олим қадрланган жамиятда ривожланиш, ҳар томонлама тараққиёт бўлиши муқаррар. Бунинг рўёбини таъминловчи ҳамкор ташкилотларнинг ҳиссаси ва роли катта бўлишига шубҳа йўқ. “Elsevier” kompaniyasi, Scopus” va “Science Direct” xalqaro ma'lumotlar bazasi tizimiga maqolalarni joylashtirish каби хайрли, маърифий ҳаракатлар тараққиёт омилидир. Куни кеча “Зарафшон” концерт залида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier (Нидерландия) компанияси томонидан йил давомида самарали фаолият кўрсатган ўзбекистонлик етакчи олимларни тақдирлаш «Scopus Award–2019» маросими бўлди. Тадбирда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари вакиллари, Elsevier компанияси мутахассислари, хорижлик экспертлар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ва докторантлар иштирок этди.

«Scopus Award–2019» тақдирлаш маросимида 28 та номинация бўйича 37 нафар олим ва тадқиқотчи, 6 та олий таълим муассасаси ва 1 та илмий журнал тақдирланган бўлса, уларнинг ичида энг кўп рағбатга эга бўлган институтимиз ва унда фаолият юритувчи олим ва педагоглар экани ҳаммамизни бениҳоя ғурурлантирмасдан қолмайди. Ушбу маърифий мақсад Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier компанияси ўртасида 2018 йил 23 март куни имзоланган республика ОТМларини  дунёнинг етакчи университетлари  рейтингига киритиш бўйича «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида ташкил этилгани эътиборлидир.

Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтида келтирилган хабарларга таянган ҳолда, институтимизга бевосита дахлдор “Scopus Award – 2019” ғолиблари борасида маълумотларни келтириш ўринлидир. “Scopus Award – 2019” ғолиблари сирасида энг кўп нашр қилган университет - “Science Direct Top Published University” номинацияси бўйича Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти таълим муассасалари орасида рўйхат аввалида турганини ва ректоримиз қўлида ғолиблик нишонини кўришимиз бутун жамоамизнинг фахридир. Айни пайтда ректоримиз устозлари, ЎзФА академиги Оқил Умурзоқович САЛИМОВнинг «Илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси учун», профессор Олим ПЎЛАТОВнинг “Science Direct Top Published Researcher” Сойиб Турсунов ва Бахтиёр Олимжоновларнинг "Best Scopus Journey" номинациялари бўйича ғолиб бўлганликларидан фахрланмасдан бўладими. Демак, илм йўлидаги ҳаракат чинакам маънавий жасоратдир. Бу эса истиқболимизнинг порлоқлигидан далолатдир. Таълимий, тарбиявий ва ўқув-илмий жараён тўғри йўлга қўйилган таълим муассасаси ҳамиша муваффақиятларни қаршилайвериши табиий ҳолдир. Бу эса жамоамизни янада улкан ютуқлар сари илҳомлантиради ва руҳлантиради.