AКАДЕМИК МИРЗИЁД МИРСАИДОВ ҚАШҚАДАРЁ  ВИЛОЯТИ  ЯККАБОҒ ТУМАНИДАГИ  № 75 ЎРТА МАКТАБНИНГ ИҚТИДОРЛИ  ЎҚУВЧИЛАРИ ВА ФАОЛ ЁШ ЎҚИТУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВИ

Ушбу учрашув Қашкадарё вилояти Яккабоғ туманидаги №75 ўрта мактабда 2018 йил 28 апрелда бўлиб ўтди. Бу учрашувда Яккабоғ туман халқ таълими мудирининг ўринбосари С.Суюнов, мактаб директори  Ф.Т.Сатторова,  мактабнинг ёш ўқитувчилари ва 110 нафар  иқтидорли ўқувчилар қатнашишди. Бу учрашувда  шу мактабнинг собиқ ўқувчиси ҳозирги кунда ТИҚХММИ доценти А.Ишматов ҳам қатнашди.

Учрашувни мактаб директори Ф.Т.Сатторова   кириш сўзи билан  очиб, сўзни  М. Мирсаидовга берди.

М.Мирсаидов ўз сўзида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида ва Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларга яратилаётган шароитлар тўғрисида гапирди. Уларни келажакда  илм-фаннинг юқори чўққиларини эгаллаб, янги технологияларни ўзлаштиришга чақирди. Ўқувчиларга келажакда давлатимиз равнақи учун  фаол хизмат қиладиган, етук мутахасисслар  бўлиб етишишлари учун ўқувчилар  ўқитилаётган фанларни чуқур ўзлаштириши, тинимсиз меҳнат қилиши ва ҳар доим олдинга интилиши кераклиги ҳақида гапирилди.

Буни амалга ошириш  учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари  ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиши учун эса чет тилларини яхши билиши  ва кўп китобларни ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади.

Бу мактаб  ўқувчилари ва  ўқитувчилари олдинги учрашган мактаб ўқувчиларига қараганда ўзларини анча эркин тутишиб, анчагина фаоллик кўрсатишди. Улар томонидан бир қанча саволлар берилди. Бу берилган саволлардан уларнинг кўп китоб ўқиганликлари ва ўз ёшларига қараганда анча юқори билимга эга эканликлари кўриниб турар эди.

Ўқувчилар ва ўқитувчилар томонидан берилган барча саволларга М.Мирсаидов  тўла жавоб  беришга ҳаракат қилиб, қатнашувчиларнинг  кайфиятини кўтаришга эришди.

 Мактабда қўшимча дарслар ташкил қилиш бўйича, яъни ҳозирги кунда ўқитилаётган чет тилларидан ташқари корейс ва немис тилларини ўрганиш,  ҳамда дарслардан кейин математика ва физика фанларидан қўшимча дарслар ўтказишр тўғрисида берилган саволларга туман халқ таълими мудири ўринбосари  С.Суюнов жавоб берди.

Учрашув  қизиқарли тарзда,  юқори савияда ўтди, бўлган учрашувни ўқувчилар кўтаринки руҳ ва катта ишонч билан қабул қилишди. Учрашув қатнашчилари Президентимизга  ёшларга яратаётган имкониятлари учун ўз миннатдорчиликларини  билдирдилар. Бу ёшлар келажакда Президентимизга муносиб ўғил ва қизлар бўлиб етишишга ваъда беришди.

Бу мактабда келажакка интилган жуда кўп фаол ўқувчиларнинг борлиги бизни жуда ҳурсанд қилди. Шу мактабнинг  ўқувчилари ҳар хил даражадаги фан олимпиадаларининг  ғолиблари бўлган,  яъни: З.Мухторова - физика фанидан, Э.Тошпўлатова-биология фанидан, М. Хасанова- чизмачилик фанидан, З.Хакимова-она тилидан, А.Эшпўлатов - география фанидан, Б.Хуррамова -рус тилидан   ва бошқа бир қанча ўқувчилар шундай юқори даражадаги билимга эгалигини кўрсатганлиги бизни қувонтирди.

Эсдалик учун учрашувда қатнашган мактабнинг барча иқтидорли  ўқувчилари  ва фидойи ўқитувчилари   билан расмга тушилди.

 Қашқадарё  вилояти Яккабоғ туманидаги  № 75 мактабдан жуда хурсанд бўлиб, юқори кайфият билан  қайтдик. Чунки бу мактабнинг барча ўқитувчилари  ва мактаб директори Феруза Тўраевна  ўқувчиларга фидойилик билан билим бераётганини кўриб, кўнглимиз кўтарилиб, уларнинг барчасига рахматлар айтиб қайтдик.