Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабига ташриф

Институтимиз ректори ташаббуси билан профессор ўқитувчилар ва бир гуруҳ талабалар 8 - январь куни Абдулла Қодирий номи билан боғланган ижод мактаби ва музейга саёҳат уюштирилди. Маълумки, Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган. Жорий ўқув йилида мактабнинг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди.

Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деганди ўз ташрифлари пайтида Президентимиз.

Ижод мактабида “Қодирий издошлари”, “Ёш қаламкашлар”, “Ёш журналистлар” каби тўгараклар, “Ифодали ўқиш”, “Нотиқлик санъати” бўйича қўшимча дарслар ташкил этилган. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган маърифий тадбирларнинг тез-тез ўтказиб турилиши кўзда тутилган. Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман, – деган давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш зарур.

Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.

Институтимиз жамоаси деярлик барча хоналарга кириб у ерда таҳсил олаётган жажжи ўқувчиларнинг ҳар бир фанга ихтисослашган кабинетлардаги чиқишларини, ўзбек, рус ва инглиз тилларида бйрон-бийрон гапиришларидан завқланди. Ректорат аъзолари парталарда ўтириб ўқувчилик пайтларини хаёлидан кечиришди. Тадбир ниҳоясида институтимизнинг ёш ижодкор талабалари билан ижод мактабининг ўқувчилари ўртасида баҳри байт айтиш мусобақаси бошланиб кетди.  Ҳар иккала томон ҳам бўш келмади, ахийри ўқувчиларнинг қўли баланд келди. Тадбир якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, истеъдодли шоир Ботиржон Эргашев ўз табрикларини изҳор қилиб, "Ўшал мендурман" шеърини ўқиб берди.

Ректоримиз ижод мактаби директори Нилуфар Йўлдошевага самимий истакларини билдира туриб, институтнинг рамзий нишонлари акс этган эсдалик совғалари ва 21 та ёш ижодкор талабаларимизнинг насрий ва назмий дурдоналаридан тузилган "Илҳом булоқлари" номли мажмуани тақдим этдилар. Ташрифимиз катта таассуротларга боис бўлгани рост.

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов