Евроосиё мамлакатлари учун Huawei «Рақамли ҳамжамият 2021» конференцияси ўтказилди
АКТ соҳасидаги етакчи мутахассислар, ҳамкорлар, ҳукумат вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирокидаги анжуманда рақамлаштиришнинг асосий трендлари, шунингдек, Евроосиёда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш эҳтиёжлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистондан ҳам делегация иштирок этиб, Россиянинг рақамли ҳамжамиятни ривожлантириш тажрибаси ҳамда рақамли трансформациянинг асосий глобал трендлари билан танишди.
Москвада ҳар йили ўтказиладиган «Рақамли ҳамжамият» (HDCC) тадбирига 26 октябрь куни старт берилди. HDCC 2021ни Huawei компаниясининг Евроосиё минтақасидаги президенти Даниэл Чжоу «Биз АКТ саноати учун биргаликда қиймат яратамиз» мавзусидаги нутқи билан очиб берди. У ўз нутқида Huawei компанияси Евроосиё мамлакатларига сармоя киритишда, истеъдодларни тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришда, саноатни глобал рақамлаштиришнинг илғор тажрибалари билан бирлаштиришда ва саноатни рақамлаштиришда ҳамда АКТ саноатининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш соҳасида инновацияларни илгари суриш учун асосий ҳамкорлар билан ишлашда давом этишини таъкидлади.
Даниэл Чжоу Huawei компанияси фаолияти натижалари қисқа тақдимотини ўтказди. Операторлик бизнеси соҳасида Huawei дунёдаги энг яхши 5G тармоқларидан бирини яратиш учун глобал операторлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, бутун дунё бўйича 700 дан ортиқ шаҳар ва Fortune 500 рўйхатига кирувчи 267 та компания Huaweiни рақамли трансформация бўйича ҳамкор сифатида танлади ва аста-секин 5GtoB экотизими яратилмоқда. Булутли бизнес жадал ривожланмоқда: Huawei Cloud бир қатор соҳаларда кескин янгиликларни амалга ошириши ва интеллектуал модернизация учун мижозлар томонидан энг кўп танланиши ҳисобига Хитойда иккинчи йирик булут ва дунёда бешинчи йирик булутга айланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида компаниянинг ўсиш кўрсаткичлари ўзининг барқарорлигини сақлаб қолди: даромад 49,6 миллиард долларга етди, соф фойда эса 9,8 фоизни ташкил этди.
Huawei компанияси интернетга уланиш, ҳисоблаш ва булутли технологиялар каби соҳаларга ўз сармояларини кўпайтирмоқда ва турли мижозларга уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда хизматлар кўрсатмоқда. Ўн йиллик АКТ тажрибасига таянган ҳолда, Huawei компанияси инновацияларни жорий этишда давом этмоқда ва барча соҳаларда рақамлаштиришни амалга ошириш ҳамда интернетга тўлиқ уланган ва ақлли дунёга ўтишни тезлаштириш учун жуда кўп компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Интеллектуал дунёга етиб боришимизга жуда оз қолди, Евроосиё мамлакатлари раҳбарияти бу ўзгаришлар билан ҳамнафас. Huawei рақамлаштириш соҳасидаги асосий иштирокчилардан бири сифатида тарихий имкониятлар, шу билан бирга муаммоларга ҳам дуч келмоқда, биргаликда порлоқ келажак сари боришнинг энг яхши усули бу ўзаро ҳамкорлик қилишдир», — деди Даниэл Чжоу.
Даниэл Чжоу нутқини шундай тугаллади: «Ёлғиз ўзимиз кўп иш қилишимиз мумкин, бироқ биргаликда янада кўпроғига қодирмиз!».
HDCC 2021 конференцияси булутли экотизимни яратиш, рақамли энергетика, иқтисодиётни рақамлаштириш стратегиялари ва унинг муаммолари, алоқа операторларининг фойдаланувчи тажрибасини яхшилаш, якуний фойдаланувчилар учун экотизим яратиш стратегиялари каби йўналишлар бўйича бир қатор форумлар, саммитлар ва ялпи мажлисларни бирлаштирди. Тадбир доирасида, шунингдек, инновацион ечимлар ва технологиялар кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Рақамли энергетика ва декарбонизация HDCC 2021 конференциясида асосий мавзулардан бири бўлди ва «Евросиё мамлакатлари учун рақамли энергетика саммити»да муҳокама қилинди.
2020 йилда рақамли иқтисодиёт жаҳон ЯИМнинг 43,7 фоизини ташкил этди — 32,6 триллион АҚШ доллари. Рақамли иқтисодиёт мисли кўрилмаган суръатларда ўсиб бораётгани ҳаммага маълум. Шу билан бирга, глобал иқлим ўзгариши туфайли углерод нейтраллиги бутун дунё мамлакатлари учун муҳим муаммога айланди. Бугунги кунга келиб, дунё чиқиндиларининг 80 фоизини чиқарувчи (БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конвенциясига аъзо) 137 та давлат чиқиндилар чиқаришни нолинчи даражагача тушириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Энергетикани рақамлаштириш ва декарбонизацияни жадаллаштириш мақсадида Huawei компаниясида яхши ва янада мусаффо келажак яратиш учун рақамли технологияларни бирлаштирувчи рақамли энергетика бўлинмасига асос солинди.
Евроосиёдаги рақамли энергетика бўлинмасининг бош директори Сю Хай тадбирнинг очилиш маросимидаги нутқида рақамли энергетика департаменти паст даражали углерод чиқиндилари чиқариладиган ақлли жамият қуриш ғоясини қўллашини маълум қилиб, самарадорликни ошириш ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратиш мақсадида мижозлар ва ҳамкорлар билан биргаликда иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
манба:xabar.uz