Исроиллик олимлар кашфиётлари

Ихтиронинг ўрни ҳар қандай давлатнинг тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Дунёнинг гўзаллиги турли соҳаларда инкишоф этилган янгиликлар билан экани аён. Илм-фан соҳасидаги ихтироларнинг алмашинуви барча мамлакатларнинг равнақига хизмат қилади.

Худди шу маънода, жорий йилнинг 21 сентабр куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Эдди Шапира жаноблари ўзининг делегацияси билан ташриф буюрди.

Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги илмий, маданий, дўстона ҳамда халқаро муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, учрашув доирасида элчихона томонидан “Дунёнинг ўзгаришига сабаб бўлган исроилона кашфиётлар” мавзусидаги кўргазма ташкил этилди. Ушбу кўргазма Исроил давлатининг таълим, илм-фан, ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари, олимлари ҳамда давлат арбобларининг қўшган ҳиссалари акс этган фотокўргазма сифатида ўтказилмоқда.

Ушбу кўргазмани тантанали равишда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Эдди Шапира жаноблари ҳамда институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қодиржон Шовазов очиб беришди. Шундан сўнг, кўргазма давомида институт талабалари ва профессор-ўқитувчилар элчи жаноблари ҳамда делегация вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Учрашув сўнгида меҳмонларга институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар берилди. Кўргазма жорий йилнинг 28 сентабрига қадар давом этади.

Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Илҳом Абдураҳмонов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов