Коррупция – тараққиётга таҳдид
Ҳар бир оила ва жамиятнинг ўз тартиб-тизгинлари бўлади. Уни билмаслик ва унга риоя қилмаслик инсонни мудҳиш иллат ва кулфатларга сабаб қилиши тайин. Тараққиётга тўсиқ, соҳалар ривожига ғов бўладиган иллатлардан бири коррупциядир. Унинг зарарли оқибатларини тушунтириш ва унга нисбатан барчада кескин курашиш туйғусини уйғотиш муҳим масаладир.
Худди шу мақсадда, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ўртасида “Коррупция - миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида ўтказилган маърифий учрашув ўтказилди. Тадбирни Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Қ.Шавазов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни таклиф этилган мутахассислар билан таништирди. Шундан сўнг талаба-ёшлар эътиборига “Ўзи нима гап?” номли видеолавҳа намойиш этилди.
Фильмдан сўнг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Қ.Шавазов бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ҳуқуқий-демократик мамлакат ва кучли фуқаролик жамият қуришнинг стратегиясини амалга ошириш кўламида қонун устунлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Давлат ва жамият турмушининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, ҳалқнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жамиятда коррупцияга қарши курашишни шакллантиришга мамлакатимиз раҳбари қанчалик эътибор қаратиб келаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шу мақсадда мамлакатимизда чет эл тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қоррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йилнинг 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлигини айтди.
Мирзо Улуғбек тумани 2-сонли Ички ишлар тергов бўлими бошлиғи, подполковник Суванкулов Меҳмонали Исмаилович ўз сўзида, ушбу қонун ижроси юзасидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика жамоалар аро комиссиялар тузилганлигини таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда Республика комиссиясига Бош прокурор, маҳаллалараро комиссияларга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар прокурорлари раҳбарлик қилиб келмоқда. Шунинг билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги 2752-сонли Қарори билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурига амалга ошириш бўйича
4 бўлим 30 банддан иборат иш - режаси қабул қилиниб, ҳозирги кунда иш режа асосида бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик профилактика катта инспектори, катта лейтенант Инаков Даврон Рахимжанович ўз сўзида талабаларни коррупциянинг олдини олиш мақсадида огоҳликка чақириб ўтди. «Коррупция» сўзи лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, маъноси «бузиш, сотиб олиш» деган маънони билдиради.
Юридик энциклопедияда «Коррупция» сўзи амалдор шахслар ўзларига берилган лавозимлардан фойдаланиб, ўзининг шахсий манфаатини ўйлаб бойлик орттириш мақсадида мамлакат қонунларига қарши келадиган ҳар хил пора олиш, пора бериш жиноятлари билан шуғулланиш деб таърифланган. Шундай жиноят билан шуғулланганлар тўғрисида аниқ далилларга тўхталиб ўтди. 2014 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бир қатор ўзгаришлар киргизилди. Шунга кўра «Жамият назорати» институти ташкиллаштирилди. Мазкур институтнинг мақсади фуқаро билан лавозимли шахсларнинг ўртасидаги муносабатларга баҳо бериб боради. Шу асосда кўпчилик ўринларда ишонч телефонлари ишлаб турганлигини айтиб ўтди.
Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан фаол иштирок этиб, мутахассислар томонидан жавоблар олдилар. Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Қ. Шавазов тадбирни якунлар экан, талаба-ёшлар ўртасида мана шундай тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш турли жиноятчиликнинг олдини олишга катта ёрдам бериши шубҳасиз эканлиги ҳақида гапириб меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Учрашув мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришга қодир ёшларни тарбиялашга қаратилди.
“Гидромелиорация” факультети декан ўринбосари Хайрулла Тўйчиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов