Устозларга эҳтиром
Муаллим бўлмаса оламда агар,
Гўзал ҳам бўлмасди ҳаёт бу қадар.
Худди шу нисбатга мос ва хос бўлган устозларни байрамлари билан қутлаш кишига айрича ҳузур бахш этади. Устоз ва шогирдлик бу тараққиётнинг мезони, узилмас ва бузилмас олтин занжиридир. Фарзанд неча ёшга кирса ҳам ота-она учун барибир фарзанд бўлиб қолганидек, шогирд қандай мартабада фаолият юритмасин, устоз учун барибир шогирддир.
Шоирдан сўрашди: сиз бахтли инсон,
Элингиз ардоқлар, ҳамма танийди.
Шоир жавоб берди: менда бир армон -
Муаллим дейишса мени қанийди.
Дарҳақиқат, шоир эътироф этганидек, муаллимлик шарафли касб. Ресъубликамизнинг барча таълим муассасалари, идора ва ташкилотларида "Ўқитувчи ва мураббийлар” кунга бағишланган тадбирлар ўтказилаётгани қувонарлидир.
Институтимизда ҳам ана шу қутлуғ санага бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда табаррук, улуғ устозларнинг иштироки институтимизнинг маданият саройига жам бўлган барча профессор ўқитувчилар ва талабаларни руҳлантириб юборди. Фахрий устозларимиз академиклар Салимов Оқил Умурзакович, Искандаров Саъдулла Искандарович, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби ва йирик маданият ходими Тўрайев Азиз Ўпоқовичларнинг ҳар йили байрам арафасидаги ташрифлари ҳамиша жамоатчилигимизни хушнуд этади.
Бу галги тадбирда бир нечта олий ўқув юртларининг ректорлари иштирок этишди. Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат Техника университети ректори техника фанлари доктори, профессор Садриддин Турабджонов Садритдин Махаматдинович, Тошкент кимё технология институтининг ректори кимё фанлари доктори Муталов Шуҳрат Ахмаджонович ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори қатнашдилар.
Тадбирни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич табрик нутқлари билан очиб бердилар. Сўнгра табрик учун сўзга Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Қўчқоров, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, истеъдодли шоир Нодир Жонузоқ, Марказий Осиё минтақавий экологик марказ раҳбари Жусуббек Казбековлар чиқишиб самимий тилакларини изҳор қилдилар.
Институтимиз ректори ўзларининг табрик нутқларида ушбу мулоҳазаларни қайд этиб ўтдилар. Дунёнинг таянчи, жамиятнинг устуни таълим ва тарбия билан боғлиқ экани ҳаммамизга аён.
Таълим - тарбия одамзот камолоти ва жамиятнинг тараққиётига дахлдор масаладир. Шунинг учун ҳам таълим-тарбияни ўзларининг умр мазмунига айлантирган ўқитувчи ва мураббийларга давлатимиз ва ҳукуматимизнинг эътибори юксак даражада.
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимизда таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиниши, янги илм масканлари барпо этилиши, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилмокда.
Мамлакатимизда республика Президентининг (1996 йил 9 январдаги) Фармони билан 1 - октябр «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» деб белгиланган. Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг жорий йилнинг 14 августидаги “Ёшларни маҳнавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ - 3907 – сонли қарори ана шу фикримизга асосдир.
Қарорга мувофиқ, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Институтимизда ҳам таълим сифатини оширишга алоҳида эҳтибор қаратилмоқда. Ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, жаҳондаги илғор олий таълим муассасалари билан икки томонлама диплом дастурини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий - педагогик кадрларни тайёрлаш тизими изчиллик билан йўлга қўйиб борилмоқда ҳамда мазкур инновацион ҳамкорликлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Бундай ҳаракатларимизнинг самарасини хориж давлатларнинг илғор тажрибаларидан кенг ва мақсадли фойдаланиш, чет эл инвестицияларини киритиш орқали таҳминлаш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда ва тақозо этмоқда. Шу йилнинг ўзидаёқ, институтимизда Япония, Хитой, Германия, Шветсия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Хорватия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро конферентсиялар ҳамда имзоланган меморандумлар, илмий инновациялар “Кластер” марказининг ишга туширилиши шу йўналишдаги фаолиятимизнинг исботидир.
Қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳасининг тараққиётини илм билан боғлаб ўрганган изланувчан, интеллектуал салоҳиятли талабалар биз учун умид ва ишонч, қутлуғ қадам ва ёруғ келажакдир. “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” билан институтимизда ташкил этилган тадбир давомида машҳур санъаткорлар ва “Мўжиза” рақс гуруҳининг раққосалари ўз санъатини намойиш этиб даврага файз киритишди. Маърифат ёғдуси, истиқболнинг мезони бўлган устоз ва мураббийларга ҳамиша соғлик-саломатлик тилаймиз.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов