Адашганлар кимлар?!

Бола тарбиясига масъуллик масаласи оиланинг, маҳалланинг, жамиятнинг истиқболига эътибордир. Ҳар қандай давлатнинг келажаги, иқболи, албатта ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий қиёфатига, таълим-тарбиясига, интеллектуал салоҳиятига дахлдордир. Шунинг учун ҳам республикамизда ёшларга муносабат мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ улкан даражада бўлиб келган.

 

Шундай экан, ҳар бир инсон қандай касбда бўлмасин, тарбия масаласига ўзининг салоҳияти ва иқтидоридан келиб чиққан ҳолда бу ишга қўл уриши, жамиятнинг ана шу оғриқли нуқтасига диққат қилиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси, ва Жазони ижро этиш бош бошқармаси, Республика маънавият ва маърифат маркази билан  ҳамкорликда “Иқтидор-маърифат” видеостудияси томонидан “Адашганлар” номли ҳужжатли фильм “Зангиота тарбия муассасаси”да суратга олинди. Бунинг намойиши ва тақдимоти Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Пресс клуби”да ташкил этилди. Институтимизнинг “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш” бўлимининг бошлиғи Раҳимбой Жуманиёзовнинг муаллиф ва бошловчилигида тасвирга туширилган ушбу фильмда бугунги ҳаётимизга қутқу солувчи айрим ёшлар ҳаётидаги нохуш ҳодисалар ва салбий иллатларга кескин муносабат билдирилган. тақдимотда барча олий ўқув юрти талабалари билан бирга институтимизнинг етакчи, фаол талабалари ҳам иштирок этиб ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирда Республика ИИВ жазони ижро этиш бош бошқармаси тарбиявий-ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси йўриқчиси Мунирахон Эсонова, Тошкент Давлат Шарқшунослик институти амалиётчи психологи Мастура Валиева, Республика “Нуроний”жамғармаси масъул ходими майор Шуҳрат Рўзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Малика Қаюмова ва Хайрулла акалар қатнашиб фильм таҳлили билан боғлиқ ибратли фикрларини айтишди.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, 2016 йил 15 сентябрда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунлари каби бир қатор ҳужжатлар ана шу мақсадга йўналтирилгани сир эмас.

Мамлакатимизда аҳо­лининг қарийб 64 фоизини ёшлар, яъни­ 30 ёшгача бўлганлар ташкил этаркан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33 та моддасидан 15 таси ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар, фуқаролик жамияти институтларига бағишлангани ҳам бежиз эмас.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Ҳақ гап. Оила, маҳалла ва таълим муассасаси уч бирлиги бола тарбиясига бирдек масъул эканини билганимиз ҳолда, баъзан бу борада оқсаётганимизни ҳам инкор этиб бўлмайди.

Акс ҳолда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида “2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак”- деб куюнмаган бўлардилар.

Бағрикенглик ва меҳридарёлик ҳисси қалбида жўш урган, ёшларни давлатимиз таянчи ва суянчи деб билган ҳамда қатъий ишонган, шу йўлда бор имконият ва қобилиятини сафарбар этган Президентимиз ишончини оқлаш, улар билан бир сафда бўлиш, ватан тақдири йўлида камарбасталик фуқаролик бурчимиз, қолаверса юрт қисматига дахлдорликдир.

Президент мурожаати эртанги кунга ишонч ва янги марралар сари интилаётган ёшлар фаолиятига руҳ ва мазмун бахш этиши шарт.

Давлат ва ҳукуматимиз ёшларга ўз истеъдодларини намойиш этиш учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиб қўйган бир дамда айрим ёшларнинг, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, жиноят йўлига кириб кетиши ранжитади кишини.

Бола тарбиясида масъулиятни оила мактабга, мактаб маҳаллага, маҳалла яна оилага юклаши, аниқроғи, тўнкаши билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Бу йўл билан уларнинг ўзларини оқлаши ҳам, ҳақлаши ҳам ножоиз. Танқидий таҳлил нуқтаи назаридан майда ёки кичик жиноятларга йўл қўйиб Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББга қарашли Зангиота тарбия муассасасида қайта тарбияланаётган болаларни суҳбатини кўриб афсус ва надоматлари ҳаммани ўйлантиргани аниқ.

Бадиий адабиётда образнинг чиқити бўлмайди дейишади. Катта-кичик ҳар бир образ асар ғоясини ифодалашга хизмат қилади. Жамиятда ҳам одамнинг чиқити бўлмайди. Инсонийлик, гуманизм устун бўлган жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз имкониятларидан эл манфаати йўлида фойдалантира олишга боғлиқ. Ҳаётда ўз йўлини тополмаган айрим болалар жиноят йўлига кириб кетишади. Кичик жиноят катта жиноят учун олдин туйнук, кейин эса эшик бўлади. Кичкина тешик катта кемани чўктириши мумкинлигини асло, унутмайлик.

Ўғирлик содир этилиши бировнинг мулкига эгалик қилиш майлидан бошланади. Текинтомоқлик, танбаллик, жонини қийнамасдан катта бойликка эга бўлиш ҳирси, шайтоний нафс кишини бузғунчиликка бошлаши тайин. Тарбия колониясидаги сиз тасвирда кўраётган мана бу аксарият ёшлар худди шу ҳолатга дучор бўлганлардан. Улар ўз ишларининг, қилмиш қидирмишларининг оқибати хунук эканлигини билишарди, лекин барибир бу ишга қўл урди. Нега? Хўш, ироданинг сустлигими? Жавоб излашга уринишлар фильмда ўз ифодасини топган.

Танбеҳ берилган, тўғри йўл кўрсатилган. Дакки-дашном ҳам эшитганлар ўз вақтида. Лекин улар бу насиҳатларини қулоқларига илмаган. Афсус ва надоматлар бўлсинким, уларнинг аксарияти ота-она ўгитидан четда қолиб, кўча кўйдаги ҳуқуқбузарликка мойил тенгқурлари билан қинғир ишга - ўғрилик ва талон-торожликка қўл уришган.

Назоратсиз қолдириш, уларнинг нима иш билан машғуллигини тергаб турмаслик оқибати хунук ҳодисаларга сабаб бўлишини кўрайлик.

Қуш уясида кўрганини қилади. Ҳақ гап. Акс ҳолда, қушнинг қушлиги қаерда қоларди? “Бола ўқишни ўрганишдан олдин тақлид қилишни ўрганади” деган эди буюк педагог Ян Коменский. Фарзандларига ибрат бўлган ота-онада масъулият ҳисси устун турмас экан, натижа кутилганидай бўлмайди. Афсус билан айтиш керакки, айрим ота-оналарнинг ўзлари ҳам ибратга лойиқ эмас. Шундай экан, боладан нима кутиш мумкин?

Мабодо, қўйи қўрасига кирмай йўқолиб қолса, ахтариб ташвишга тушиб қўни-қўшниларни безовта қилгани етмаганидек, ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қиладиган, лекин ўз фарзанди тонг отгунга қадар қаерда, қайси хилватхона ёки интернет кафеда нима иш билан машғул эканига қизиқмайдиган ота-оналар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Пул топиш, эгнингни бут қилиш, ейиш, ичиш ва кийиниш лаззатини ҳаёт моҳияти деб билган ўспирин, қандай бўлмасин пул топсак бўлди қабилида иш тутади. Бу эса маънавиятнинг таназзулга юз тутиши, инсоннинг ахлоқан тубанлашувига боис бўлишини унутмаслик лозим. 

Таниқли сиёсатшунослардан Бенжамин Франклиннинг ушбу мулоҳазаларига бир эътибор берайлик. Сиз ўзимники деб ўйлаган болалар аслида, сизнинг фарзандингиз эмас – улар ҳаётнинг ўғил-қизлари. Гарчи, улар сиз орқали дунёга келган бўлишса ҳам, ўзларини умрга тегишли ҳисоблайдилар. Улар ёнингизда улғайишса ҳам, кун келиб олисга кетиб қолишлари мумкинлиги айни ҳақиқат. Сиз фарзандга ўз меҳр-муҳаббатингизни ҳис қилишларига ёрдам беришингиз мумкин. Аммо уларни ўз ўй-хаёлларингиз билан банд қила олмайсиз. Чунки уларнинг ўз дунёлари, хаёл ва режалари бор. Уларнинг қад-қоматлари сизнинг уйингизда бўлса ҳам,  кўнгиллари ҳали бу ерда қўним топмаган бўлади. Боиси уларнинг кўнгиллари келажакка мансуб. Сиз эса ўзингизни келажакда хаёлларингиз орқали ҳам тасаввур қила олмайсиз. Боиси сиз бугуннинг одамларисиз.

Сиз фарзандингизни тушуниш учун унга ўхшашингиз мумкин. Аммо уларни тамоман ўзингиздек бўлишга мажбурламанг. Сабаби ҳаёт олдинга юради ва кечаги қоидалар бугунга муносиб кела олмайди.

Сиз мисоли фарзандингизни олдинга йўналтирган камонсиз. Ўқнинг имкон қадар узоққа бориши ва мўлжалга тегиши учун камон мустаҳкам бўлиши керак.

Демак, гап камонда. Юртнинг эртасини, фарзандларининг келажагини, ўз оиласининг обрўсини, юзи шувит, қадди дол бўлмаслигини ўйлаган инсон ушбу фикрларга бефарқ бўлмаслиги аниқ.

Маънавият ва маърифатдан йироқ турган инсон табиатида эзгулик тушунчаси хира тортиши аниқ. Маънавиятни қудратли ва таъсирчан қурол сифатида эътироф этган президент “кўплаб болаларимиз китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани – бу ҳам бор гап” - дея таъкидладилар ёшлар билан учрашувда.

Халқимизни оммавий китобхонликка чорлаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш истиқболни кўзлаб, чуқур ўйлаб қилинган амалий сиёсат эканлигини бугунги кунда ҳис этмоқдамиз. “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор замирида ҳам ана шу хайрли, маърифий мақсад ётади.

Китоб мутолаасига муносабатни кучайтириш учун кутубхоналар фаолиятини жадаллаштириш, қаерда бўлмасин ёшларнинг ўқиб ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганини инкор этиб бўлмайди. Эндиликда ундан оқилона фойдаланишимиз, ватан ва халқ манфаати учун муносиб фарзанд бўлишга интилиш зарур. “Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ, китобсиз юксак маънавиятга ҳам, тараққиётга ҳам эришиб бўлмайди” Президентимизнинг ҳақли эътирофи бу.

Жабрдийда онаизорнинг кўзларини жиққа ёшга тўлдирган фарзандни қандай тушуниш мумкин. Емай едириб, киймай кийдириб “болам униб ўссин юрт корига ярайдиган, эсли-ҳушли инсон бўлиб вояга етсин деган ота онанинг умидларини чил парчин қилиш ақлга сиғмайдиган ҳолатлигини эслатмоқчимиз, холос.

Жиноятнинг жиноят эканини била туриб яна жиноятга қўл урганнинг афсус ва надоматини изоҳлаш таажжублир ҳолатдир.

Тарбия масаласида Маҳалланинг алоҳида ўрни борлигини биламиз. Бир болага етти ота-она, қўшнинг тинч - сен тинч, ўз уйингни ўзинг асра, ўз болангни ўзинг асра деган чақирув ва хитоблар маҳалла фаолларига масъулият ва мажбурият юклаши ҳақ. Маҳалла раислари, Диний маърифат ва маънавий ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар, посбон ва котиблар ҳам бундан тўғри хулоса чиқаради, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олмайди ўзини. Чунки улар маҳалланинг кўзи, қулоғи, юраги бир сўз билан айтганда виждонидир.

Фанда маргеналлашув деган атама бор.  У жамиятдан четлашув ёлғизланиш, қизиқишнинг сўниши демакдир. У умидсизликка, норозиликка йўл очади. Айни пайтда боланинг яккаланиб қолиши, ўзини кераксиз ва яроқсиздек ҳис этишига, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача  олиб боради. Болаларни ҳаётсеварлик руҳида тарбиялашнинг омиллари китоб мутолааси, уларнинг қизиқишларига қараб турли тўгаракларга ва ҳар хил мусобақаларга жалб этишдир.

Люмпенлашув деган термин болаларнинг ёт ва салбий иллатларга тез берилувчанлик мазмунини англатади. Ҳар хил ахборот хуружлари ва таҳдидлар уларнинг издан чиқиб кетишига боис бўлади. Бу эса турли жиноятларга йўл очади. Бу масалада ҳам оила, маҳалла ва таълим муассасаси асло, бефарқ бўлиши мумкин эмас.

Ёшларга оид давлат сиёсати, истанг-истаманг, таълим-тарбия сифати ва таъсирчанлиги масаласига бориб боғланади. Нима эксанг, шуни ўрасан. Халқнинг бу нақли бежиз айтилмаган. Замон билан ҳамқадамлик, кенг дунёқараш, юксак билим, интеллектуал салоҳият, креативлик, ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ёшларимизнинг илму амали, қалбу қиёфатига кўчмаса мақсад сароблигича қолаверади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”,- дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди ” - дея таъкидлашлари ўринли. Шундай экан, инсон қалбига таълим ва тарбия орқали йўл топиш мумкинлиги борасидаги ҳақиқатни унутмаслик зарур.

Жамики нарса-ҳодисанинг ўз қулфу калити бўлганидек, муаммоларнинг ҳам ўз ечимлари бўлади. Демак, таълимнинг очқичи нутқ билан, тарбиянинг тутқичи хулқ билан. Мулоқотнинг калити нутқ, муомаланинг калити хулқ. Хўш, айтингчи, нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган авлодни баркамол, инсонни комил дейиш мумкинмикан. Бу эса ёшларни жипслаштириш ва интеллектуал қобилиятларини оширишга дахлдор муҳим мезонлардан бири.

Машҳур испан рассоми ва ҳайкалтароши Пикассо “Ҳар бир бола ижодкор бўлиб туғилади. Ўсмирликка ўтиш жараёнида шу ижодкорликни сақлаб қолиш асосий муаммо” – дейди.  Болаликда, мактаб даврида уюшган болаларнинг ўсмирлик пайтида ўзгариб қолиши уларнинг ўтиш давридаги ҳолати, балоғатга етиши, руҳий ва ҳиссий туйғуларидаги эврилишлар билан ҳам боғлиқлигини тушуниш мумкин.

Тўғри йўналишда таълим ва тарбия олган ўқувчи номақбул йўлга кирмаслиги аён. Бунинг учун уларга яқинлашиш, уларни ўйлантираётган муаммолар билан қизиқиш ва биргаликда ҳал этиш ёшлар жипслигини ташкил этишнинг, эртанги кунга ишонч ва умид билан қарашларининг асосларидан бири.

“Биз ёшларга мана шундай беписанд, бегона муносабатда бўлсак, оқибати нима бўлиши аниқ – улар ҳам биздан бегоналашади. Ўқишдан, ишдан, жамиятдан, давлатдан, борингки, ҳаётдан кўнгли совиб, халқимиз ибораси билан айтганда, қўлини ювиб, қўлтиғига уради.”  Президентимиз томонидан эътироф этилган бу фикр ёшлар муаммоларини ечиш учун муҳим очқич вазифасини ўташи муқаррар.

Эҳтиёж инсонни ихтирочига айлантиради деган ҳикмат бор. Ёшларнинг таълим олиш, яшаш ва ҳордиқ чиқазиш каби маънавий-моддий эҳтиёжлари билан қизиқмаслик келажагимизга эътиборсизликдан бошқа нарса эмас. Ёшларнинг иш билан бандлиги тизими доимо долзарб. Улар учун мўлжалланган тўгарак ва клублар фаолияти ёшларни бир ташкилотга “ихтиёрий-мажбурий” асосда бирлаштириш эмас, аксинча, уларнинг орзу-интилишлари, ҳаётий ва касбий қизиқиш доираси, ижтимоий мақсадлари бўйича уюштириш тўғри бўлади, деган фикр ва таклифларнинг илгари сурилиши бежиз эмас.

Жамиятнинг нозик ҳалқаси ёшларимиз онгу шуурига таъсир этувчи турли ахборот хуружлари кучаяётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бунинг учун уларнинг “жаҳолатга қарши маърифат билан кураша олиш” иқтидорини, коммуникатив компетенциясини ошириш керак. “Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга” эканлигининг ўзиёқ, ҳушёрлик ва огоҳликка чорлайди.

Ушбу ҳужжатли фильмнинг маҳаллаларда, таълим муассасаларда қўйилиши мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди ва қарор қилинди.

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ва

4 – ТТЖ тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротовлар ахбороти.