Техника фанлари доктори, профессор Мирзиёд Мирсаидов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди

Техника фанлари доктори, профессор Мирзиёд Мирсаидов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан Назарий ва қурилиш механикаси кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор Мирзиёд Мирсаидов техника фанлари бўйича АКАДЕМИК этиб тасдиқланди.

М.Мирсаидов 1948 йилда туғилган. У 1971 йилда Тошкент политехника институтини инженер-механик ихтисослиги, 1986 йилда Тошкент Давлат университетини математика ихтисослиги бўйича тамомлаган. 1971 йилда ўзининг меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида муҳандисдан бошлаб, лаборатория мудири лавозимигача бўлган босқичларда ишлаган. 1991 йилдан ҳозирги кунгача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Гидротехника курилиши факультетининг “Назарий ва курилиш механикаси” кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.

1976 йилда номзодлик, 1986 йилда эса “Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси”  ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1986 йилда унга шу ихтисослик бўйича катта илмий ходим, 1991 йилда эса профессор илмий унвонлари берилган.

Профессор М.Мирсаидов “Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” ва “Иншоотлар динамикаси” соҳаларининг назарияси ва амалиётига салмоқли ҳисса қўшган ўз илмий мактабига эга таниқли олимлардан бири ҳисобланади. М.Мирсаидов ва шогирдлари томонидан ”Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси” ва “Гидротехника иншоотлар динамикаси” йуналишлари  бўйича олинган илмий натижалар, ишлаб чиқилган назария ва услублар техника фанларидаги тақдиқотларнинг асосини ташкил қилади.

М.Мирсаидов томонидан катта илмий аҳамиятга эга бўлган янги истиқболли илмий йўналишлар яратилган, яъни:

-грунтли иншоотлар динамикасини баҳолашда энергиянинг тўлқин кўринишида чиқиб кетишини ҳисобга олувчи назария ва ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;

-грунтли тўғонлар динамикасининг уч ўлчовли масаласини ечишда геометрик ва физик чизиқсизликни ҳисобга олувчи ва грунтли туғонларнинг сув билан ўзаро таъсирини ҳисобга олувчи услуб ишлаб чиқилган;

-грунтли тўғонлар мустаҳкамлигини баҳолашни 4 та критерия асосида амалга ошириш ва мустаҳкамлигини ошириш учун сейсмобелбоғлар қўллаш мумкинлиги назарий жиҳатдан кўрсатиб берилган;

-грунтли тўғонларда жуфт хусусий частоталарни мавжудлиги резонанс режимларида мустаҳкамликка жуда катта таъсир кўрсатиш ходисаси аниқланган.  

М.Мирсаидовнинг илмий  раҳбарлигида 13 та фан номзоди, 3 та фон доктори тайёрланган ва улар ҳозирги кунда Республикамизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатиб келмокдалар.

М.Мирсаидов ўз шогирдлари билан бирга давлат бюджети ва грантлар асосида (фундаментал тадқиқотлар: № КХ-4ФТ-02-2007-2011йй.; № КХФ-4-001-2012-2016 йй.; амалий тадқиқотлар: №А-5-098-2006-2008 йй.; № ХА-15-033-2009-2011йй.; ХА-3-008-2015 - 2015-2017 йй.) бажариладиган илмий ишларда илмий рахбар сифатида фаол қатнашиб келмоқда.

М.Мирсаидов 200 дан ортиқ илмий ишлар, шулардан 6 таси монография, 13 таси дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳамда 20 тадан кўпроқ авторлик гувоҳномалари муаллифидир. Чоп қилинган дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг 6 таси Қозоғистон Республикасида қозоқ тилига таржима қилинган. Олиб борилган илмий иш натижалари бўйича охирги уч йилда 15 дан ортиқ илмий мақолалар чет элларда (Япония, Сингапур, Италия, Австрия, Хорватия, Россия, Украина давлатларида) инглиз тилларида чоп қилган.

Шу билан бирга 2015 йилда Германияда инглиз тилида 341 бетлик “Theory and Methods of Strength Assessment of Earth  Dams”. Lambert Academic Publishing/ Saarbrucken/Deutschland/ Germany/ номли монографияни чоп қилишга эришди.

Профессор М.Мирсаидов томонидан ишлаб чиқилган назария ва усуллар гидротехника қурилишида ҳамда қурилиш бўйича лойиҳа ташкилотларида амалиётда қўллаш учун топширилган. Шунингдек ишлаб чиқилган илмий ишланмалар чоп қилинган дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларга киритилган. Унинг 2011 йилда чоп қилинган “Материаллар қаршилиги” фанидан дарслиги, 2012 йилда чоп қилинган “Назарий механика” фанидан ўқув қўлланмаси ва 2014 йилда чоп қилинган “Иншоотлар зилзилабардошлиги” фанидан ўқув қўлланмалари Республикамизда энг яхши дарслик ва ўқув қўлланма деб тан олинган.

М.Мирсаидов асосий вазифасидан ташқари жамоат ишларида ҳам фаол қатнашади. У ЎзР Олий Кенгашининг (1990-1995 й.й.) Халқ депутати, Фан ва экология қўмита аъзоси, ЎзР Олий Аттестация комиссиясининг техника фанлари бўйича эксперт кенгаши раиси (1991-1997 й.й.) ҳамда 1995-2011 йилгача ЎзР ОАК Илмий кенгашининг аъзоси. ЎзР ФА Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти қошидаги номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинадиган махсус кенгаш раиси (2009-2012 й.й.). Ҳозирги кунда ТИҚХММИ, ТДТУ ва ЎзМУ қошидаги фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар аъзоси, ТИҚХММИ илмий ва илмий-техник кенгашларининг аъзосидир.

М.Мирсаидов 1992 ва 2011 йилларда “Мустақиллик” учун таъсис этилган кўкрак нишони, 2017 йилда  “Узбекистон конститутциясига 25 йил” эсдалик нишони, 2000 йилда ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий ва ўрта махсус таълим фидойиси” нишони, 2006 йилда фахрий ёрлиғи билан мукофотланган.

Институт жамоаси академик Мирзиёд Мирсаидовга узоқ умр, сихат – саломатлик тилаб, илм-фан, таълим соҳасини ривожлантириш бўйича олиб боришни режалаштирган ишларини амалга оширишига муваффақиятлар тилайди.