Академик Мирзиёд Мирсаидов Яшнобод политехника касб-ҳунар коллеж ўқувчилари билан учрашуви

Бу учрашувда ёш ўқитувчилар ва коллежнинг иқтидорли ўқувчилари қатнашдилар. Учрашувни коллеж директори Зокир Гафурович Ғаниев очиб, сўзни академик М.Мирсаидовга берди. Бу учрашувда ТИҚХММИ профессори, т.ф.д. Т.М. Мавлонов ҳам иштирок этди.

Учрашувга ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим маркази ходимлари, Яшнобод туман маориф бўлими ходимлари ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таклиф қилинган бўлишига қарамасдан, минг афсуслар бўлсинки уларнинг бирортаси ҳам бу учрашувга келишмади.

М.Мирсаидов академикларни мактаб ва касб-ҳунар коллежларида учрашувлар ўтказишдан  олдин уларни ЎзР ФА юқори даражада ишлаётган институтлари билан, яъни Юқори технологиялар маркази, Геномика ва биоинформатика институти, Халқаро қуёш илмий-тадқиқот институти ва Шарқшунослик институтларида эришилган ва бажарилаётган ишлар билан таништирганлиги ва у ерда юқори салоҳият билан ишлаётган ёшлар ҳамда улар  эришаётган ютуқлари тўғрисида гапириб, бундай ёшлар билан ҳар қанча ғурурланса  арзийди деб айтди.

М.Мирсаидов ўз сўзида Президентимизнинг ёшларни келгусида илм-фан билан шуғиланнишга,  фанда эришилган ютуқларни амалиётга тадбиқ қилинишига ва  юқори натижаларга эришган илмий ходимлар албатта келгусида тақдирланишига тўла имконият яратаётганликларини, бунга мисол қилиб, Фанлар академияси институтларини тағин академия таркибига қайтарилганлигини, Академиянинг янги уставини тасдиқланганлигини, Академия сайлов низомини тубдан ўзгартирилиб  демократлаштирилганлигини ва янги академикларни сайланганлигини айтиб ўтди.

М.Мирсаидов учрашувга тўпланган коллеж ўқувчи-ёшларига ҳам келгусида  юқорида айтиб ўтилган ёшлар  қаторидан жой олиб, келгусида улар орасидан  Ал-Хоразмий, Мирзо Улугбекларга  ўхшаган буюк олимлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Уларга Республикамиз Президенти томонидан яратилаётган шароитлардан, вақтдан унумли фойдаланиб, Республикамиз равнақи учун ўз ҳиссаларини яхши ўқишлари, илм-фаннинг юқори чўққиларини эгаллашлари орқали қўшишлари кераклигини такидлади.

Профессор Т.Мавлонов ҳам сўзга чиқиб, у ўз  нутқида ёшларни одобли, маърифатли бўлишга, кўпроқ китоб ўқиш кераклиги ҳақида гапириб,  бизнинг аждодларимиз ўқимишли - улуғ одамлар бўлганини айтиб, ўқувчиларга буюк аждодларимиздек ўқимишли, билимли ва ватанимизга содиқ фарзандлар бўлишлари кераклигини такидлади.

  

Ўқувчи-ёшлар ва коллеж ходимлари томонидан учувчи касбини эгаллаш учун нималарга эътибор қаратиш керак, олим, академик бўлиш учун қандай йўл тутиш зарур, граждан авиацияси самолётларини бошқаришга ўқиш учун нима қилиш кераклиги ҳакидаги ва бошқа кўпгина саволларга М.Мирсаидов томонидан батафсил тўлиқ жавоблар қайтарилди.

Коллеж директори  З.Г.Ғаниев  коллежда мавжуд ўқув лабораториялари, коллежда  ўқувчилар ўз тажрибасини оширишлари  учун яратилган амалиёт базаси ва коллеж ўқувчилари ўз қўллари билан ясаган турли буюмлар билан  учрашув меҳмонларини таништирди.

Коллеж ўқувчилари  ёшларга берилаётган катта эътибор учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Бу суҳбатдан кейин М.Мирсаидов  коллеж библиотекасига Ўзбекистон ёзувчи ва шоирларининг китобларини (роман ва шеърий тўпламларни) совға қилди.

Ўқув-методика бошқармаси   Д.Ходжаев