АКАДЕМИК МИРЗИЁД МИРСАИДОВ БОБУР НОМИДАГИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ «АХБОРОТ КУТУБХОНА МАРКАЗИДА-(АКМ)» АНДИЖОН ВИЛОЯТИНИНГ ҚАТОР ЎРТА МАКТАБ ВА КОЛЛЕЖЛАРИНИНГ ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАРИ ҲАМДА ФАОЛ ЁШ ЎҚИТУВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

Ушбу учрашув Андижон шаҳрида  жойлашган Бобур номидаги вилоят «Ахборот кутубхона маркази»нинг катта залида ўтказилди. Бу учрашувда Андижон қурилиш ва транспорт коллежи, Андижон индустриал педагогика  коллежи, 30-сонли ўрта умумтаълим мактаби, 5-сонли ўрта умумтаълим мактаби, 10-сонли Давлат интернат мактаби (10-ДИМ) ва 35- сонли Давлат интернат (35-ДИМ) мактабларининг жами бўлиб 125 га яқин иқтидорли ўқувчилари ва ёш ўқитувчилар қатнашдилар.  Шу билан бирга  бу учрашувда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессори, т.ф.д., Т. Мавлонов,  Тошкент ахборот технологиялар университетининг Андижон филиали  профессори, и.ф.д., А. Абдуллаев,  Андижон машинасозлик институти доценти, ф.-м.ф.н., Т.Джалилова, Андижон қишлоқ хўжалик институти доценти, ф.-м.ф.н., К.Атабаев, Андижон давлат университети доценти, ф.-м.ф.н., А.Комилжонов, Андижон вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи  А.Султонов ва   Андижон вилояти «Ахборот кутубхона маркази» директори  Г. Исмоловалар  қатнашдилар.

Учрашувни Бобур номидаги Андижон вилояти «Ахборот кутубхона маркази» директори   Гулнорахон  Исломова   кириш сўзи билан очиб,  сўзни академик М.Мирсаидовга  берди.

М.Мирсаидов ўз сўзида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида ва муҳтарам Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларга яратилаётган шароитлар тўғрисида гапирди. Уларни келажакда  илм-фаннинг юқори чўққиларини эгаллаб, янги технологияларни ўзлаштиришга чақирди. Талаба ва ўқувчиларга келажакда давлатимиз равнақи учун  фаол хизмат қиладиган, етук мутахасисслар  бўлиб етишишлари учун талаба ва ўқувчилар  ўқитилаётган фанларни чуқур ўзлаштириши, тинимсиз меҳнат қилишлари ва ҳар доим олдинга интилиши кераклиги ҳақида гапирилди.

Буни амалга ошириш  учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари  ва ҳар томонлама етук бўлиш учун эса чет тилларини билиши  ва кўп китобларни ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади.

М.Мирсаидов охирги вақтларда давлатимизда бўлаётган ўзгариш ҳақида ва Президентимизнинг АҚШ га сафари тўғрисида ҳам қисқача ахборот берди. Шу билан бирга М.Мирсаидов бундай юксак илмий унвонга эришишида Президентимизнинг катта ҳиссалари борлигини, яъни Фанлар академиясининг қайта тикланиши, Фанлар академияси ва сайлов низомлари ўзгартирилиб, демократлаштирилганлиги ва  бу галдаги академикликка сайлов объектив ва шаффоф ўтганлигини  айтиб ўтди.

Ёшларимиз ҳам мукаммал билимлар олиб, илм даргоҳларида астойдил меҳнат қилса келгусида шундай натижаларга эришиш имкониятлари мавжудлиги ҳақида хам гапириб, илмий ходимларга Давлатимиз томонидан берилаётган эътиборни,  Президентимизнинг  5-апрель 2018 йилдаги маошларни ошириш тўғрисидаги қарори ва Фанлар академиясининг ўсимликлар химияси институтидаги учрашувлари тўла тасдиқлашини айтиб ўтди.

Бу учрашувда қатнашган Андижон вилоятининг мактаб ва коллеж  ўқувчилари ўзларини жуда  эркин тутишиб, М.Мирсаидовга кўплаб саволлар беришди.  Ўқувчилар ва ўқитувчилар томонидан берилган барча саволларга М.Мирсаидов  тўлиқ жавоб  берди. Учрашув  қизиқарли тарзда,  юқори савияда ўтди, бўлган учрашувни  ўқувчилар кўтаринки руҳ ва катта ишонч билан қабул қилишди. Учрашув қатнашчилари Президентимизга  ёшларга яратаётган имкониятлари учун ўз миннатдорчиликларини  билдирдилар. Андижон вилоятининг  мактабларида келажакка интилган жуда кўп фаол ва билимдон ўқувчиларнинг борлиги бизни жуда хурсанд қилди. Шу билан бирга бу ерда ёш ихтирочилар билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоблар бериб, уларга омадлар тиладик. Бу ёшлар келажакда Президентимизга муносиб ўғил ва қизлар бўлиб етишишга ва Республикамиз келажаги учун хизмат қилишга  ваъда беришди. Учрашув сўнгида Андижон вилоятининг иқтидорли ўқувчилари билан  эсдалик учун  расмга тушилди.