Аёл – жамиятнинг гултожи

У миллат давомчиси, ҳаётимиз, хонадонимизни эзгулик, яхшилик, меҳр-муҳаббат, иффату нафосат нури ила мунаввар қиладиган муқаддас зотдир.

Жамият ҳаётидаги фаоллиги, меҳнатдаги фидокорлиги, таълим ва тарбияни тарғиботи бобидаги етуклиги билан ажралиб турган олима аёлларимиздан бири Жамила Шермуҳаммедова бўлса, иккинчиси иқтидорли санъаткор, Ўзбекистонда хизмати кўрсатган артист Раънохон Ярашевадир. Институтимизда ташкил этилган “Ибратли, истеъдодли, ижодкор инсонлар” рукнидаги маънавий ва маърифий тадбиримизнинг бу галги меҳмонлари улар бўлдилар.

Обод турмушимизни ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Аёлни улуғлаш – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлаш демакдир. Зероки, оналаримиз, сулув опа-сингилларимиз фазилатларига бахшида дилтортар куй ва қўшиқлар, шеъру достонлар яратилган.

Тадбир меҳмонларининг чиқишларида ана шу мулоҳазалар бот-бот қайд этилди. Савол ва жавоблар йўсинида ўтказилган тадбир кўпчиликуда илиқ таассурот қолдирди.

  

Ўз ижоди билан каминани ҳам маҳлиё ва мафтун этган истеъдодли шоираларимиздан Маликахоним Салимова ҳамда Холбиби Саъдиноваларнинг ташрифларидан бошим кўкка етди. Уларни ҳам байрамлари билан самимий муборакбод этаман. Улар ижодида доимо наҳорий тиниқлик ва баҳорий илиқликни туяман.

Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг ушбу фахрияси суюкли аёлларимизга қўйилган ҳайкал десак муболаға бўлмас.

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,
Жуфтим бўл,- деб чопганини ҳар тоқ яширар,
Жаннатим,- деб қувонмасдан қумлоқ яширар,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен,
Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен,
Асов ўтдай эркакларнинг борар ери Сен,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврада бир сарин ел, бир тор келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов