Бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларус республикалари ўртасидаги ўзаро шерикчилик алоқалари янги босқичга чиқиб улгурди
Соҳа ривожига доир қабул қилинган қонун ва қарорлар ўз ижроси билан аҳамиятли. Давр руҳини ҳис этиш ва талабчанлик фаолият мезони бўлар экан, бунга асло бефарқ бўлмаслик керак. Зероки, ҳамкорлик ва тараққиёт тақозоси ҳам шу биландир. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини янада ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Коронавирус пандемияси даврида гуманитар ёрдам кўрсатиш доирасида Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига Беларусдан махсус келтирилган иккита тракторнинг совға қилиниши ҳам эътиборга молик.
Тракторлар Минск Трактор заводида ишлаб чиқарилган МТЗ-80 универсал тракторларидир. Мақсад — соҳа олий ўқув юртларида таълим олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалиёт ўташ учун шароитлар яратиб бериш. Тадбир давомида Беларус Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич ҳамда ТИИИМСХ биринчи проректори Баҳодир Мирзаев тракторларга ўзлари ўтириб, тракторни бошқариш бўйича мастер-класс кўрсатиб берди. Бундай йўсиндаги ҳамкорликнинг бардавом бўлиши соҳа ривожига, муҳими таълим ва амалиётнинг, фан-техниканинг ишлаб чиқариш билан узвий боғланиши борасидаги ҳаракатимизда муҳим аҳамият касб этади.
ТИҚХММИ матбуот хизмати