Лоқайдлик иллати

18 апрел куни 2- Талабалар турар жойи да "Бефарқлик- иллат" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тасодифан сигарета чекаётган дўстингизни кўриб қолдингиз. Спиртли ичимлик истеъмол қилаётган ўспирин билан юзма-юз келдингиз. Шундай вазиятда бефарқ ўтиб кетсангиз келажак олдида гуноҳкор бўлиб қоласиз...

Тамаки ва спиртли ичимликларининг инсон организмига, айниқса, ­улғаяётган бола соғлигига қанчалар зарар келтиришини тиббиёт аллақачон исботлаган.

 

Гоҳида кўчада сигарет тутатаётган болага кўзимиз тушади. Уни тўхтатиб, панд-насиҳат қилсак, қилаётган иши нафақат соғлиғига, балки атрофдагиларга ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини айтсак бундан, албатта натижа чиқади.

Сигарета чекаётган, алкогол маҳсулотларини истеъмол қилаётган болани кўрганингизда бунга бефарқ бўлманг.  Шунда ўша болага танбеҳ беришга, уни бу йўлдан қайтаришга сизда мажбурият пайдо бўлсин.

Мактабдан тамаки ва спирт­ли маҳсулотларнинг зарарли эканлиги ҳақида тинимсиз уқтирилган. Аммо бу салбий одат ҳамон учраётган экан, шунчаки уқтиришнинг ўзи кифоя қилмайди.

Болани бу каби зарарли одатлардан ҳимоялаш, унинг қалбида бунга қарши ўзига хос «филтр»ни шакллантириш учун унга алоҳида ёндашув бўлиши лозим. Ана шунда биз соғлом болаларни тарбиялаймиз, соғлом жамиятнинг шаклланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 Уйда ота-она, таълимгоҳда  ўқитувчилар, маҳаллада қўшнилар боланинг нима қилаётганидан хабардор бўлиб туришса, бу борадаги жуда кўп муаммолар ўз ечимини топади.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Юртимизда ўсиб улғаяётган ҳар бир бола бизнинг фарзандимиз. Унинг келажакда ким бўлиши барчамиз учун муҳим. Фарзандларимизни турли зарарли одатлардан сақлаш, улар онгида соғлом турмуш тарзини, спортга муҳаббатни шакллантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчидир.

ҚСХЕТ Факултети талабалари ана шулар ҳақида батафсил маълумотлар олишди.

 

 

Тарбиячи педагог, психолог Сагдуллайева Дилором ахбороти

Институт матбуот котиби Рахимбой Жуманиёзов