Буюк саркарда

2018 йил 9 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факультети “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси катта ўқитувчилари Дилфуза Мадазизова ва Шохида Раупова хамда тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар Амир Темур таваллудининг 682 йиллик таваллудига бағишланган “БУЮК САРКАРДА” мавзусида тадбир ўтказишди.

Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламо-ю фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.

Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган.

Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Буюк аждодимиз – Соҳибқирон Амир Темур нафақат ўзбек халқининг, балки адолат деб яшаган, яшаётган, яшайдиган инсониятнинг қалбидан чуқур жой олган, балки бутун дунёда унинг ҳарб илмидан, тактикасидан ҳозирда ҳам фойдаланишади, десак, муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур шахсига ҳурмат, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш борасидаги ишлари таҳсинга лойиқ. Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрнининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Тадбирда Амир Темур ҳазратларининг туғилиш, болалик ва балоғат ёшидаги ҳаётидан, ватанини босқинчилар зулмидан озод этиш, давлатчилик асослари, мамлакат бошқарувидаги энг муҳим фалсафий жиҳатлар, бобомиз туғилиб, вояга етган қишлоққа илк бор келиб турган хорижлик сайёҳлар ҳақидаги маълумотлардан талабалар баҳраманд бўлишди.

Тадбир жуда қизиқарли ва мазмунли тарзда ўтди.

4 - ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти,

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов