“CONMECHYDRO-2020” номли Халқаро илмий конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 23-25 апрель кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ташкил этилган “CONMECHYDRO-2020” номли Халқаро илмий конференция онлайн тизимида уч кун давом этиб, бунда дунёнинг энг кучли 400 та олий ўқув юртлари таркибидаги Буюк Пётр номидаги Санкт Петербург политехника университети, Қозоқ-Немис Университети, “Гидропроект” Акционерлик жамияти ҳамкорлигининг натижаларини кўриш мумкин. «Construction Mechanics, Hydraulics and Water Resources Engineering (CONMECHYDRO-2020) “Қурилиш, гидротехника, сув ресурслари” номли Халқаро илмий конференциянинг Ташкилий қўмитаси Covid-19 инфекцияси дунё бўйлаб тарқалиши натижасида юзага келган нохуш ҳолатни инобатга олиб, Халқаро илмий конференция фаолиятида масофада туриб иштирок этиш, сайтга (http://conmechydro.spbstu.ru/) қўйилган мақолалар рўйхати (https://drive.google.com/open?id=1PTUBZuu-5Adi4SdWNOAuRyfzjDk2nCaf), тўлиқ матни (https://drive.google.com/open?id=18sSBVjXCQcyBNaSJ9t0G5NIGgE3CMpH) ва презентациялари (https://drive.google.com/open?id=1awUjJKrnMNPALO-i-ohY0IsQM7ihiUKo) билан танишиш, қизиқтирган саволларга муаллифлардан жавоб олиш учун барча (conmechydro_2020@mail.ru) имкониятларни яратди.

Конференция сайтига таъсисчилар, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидан халқаро илмий конференциянинг ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси олий таълим бўйича республика кенгаши раиси, ректор, иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Пардаевич Умурзоқов, “ГИДРОПРОЕКТ” АЖ директори Алибек Илҳомович Ахмедов, Қозоқ-немис университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, юридик фанлари доктори Барбара Януш-Павлеттанинг, конференциянинг очилиш маросимига бағишланган табрик сўзлари қўйилди.

Конференциянинг уч кунлик фаолияти давомида жами 329 та мақола масофадан туриб, онлайн тарзда тўртта шўбада муҳокамадан ўтказилди, жумладан: Гидротехника ва мелиорация қурилиши бўйича 105 та, Сув ресурсларини ўрнатилган тартибда бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш, экология ва гидроенергетика юзасидан 51 та, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, электрификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича 130 та, Йўл қурилиши, қурилиш конструкциялари ва материаллар юзасидан 43 та мақоланинг синчковлик билан, холисона тарзда кўриб чиқилиб улар юзасидан таҳлилий ва танқидий мулоҳазаларнинг билдирилиши эътиборлидир. Муҳокама жараёнида ташкилий қўмитанинг электрон манзилига 6748 та саволлар келгани унга бўлган эътибор ва жараённинг жонли бўлганини билдиради.

Халқаро экспертларнинг атрофлича чуқур таҳлиллари ва муҳокамаларининг натижаси ўлароқ, жами 256 та мақола чоп этишга тавсия қилинди. Бу кенг муҳокама ва баҳслардан кейинги натижа, албатта. Илмий натижаларни Ўрта Осиё, Кавказ, Сурия ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришда қўллаш ёки тадқиқотларни давом эттириш бўйича ташкилотлардан берилган таклифлар сони тўққизта бўлгани ҳам аҳамиятлидир. Ушбу илмий конференция нуфузини белгилайдиган омиллардан бири шуки унда илмий қўмита вакиллари ва мақолалар муаллифлари 24 та мамлакатнинг вакиллари эканидир. Жумладан, Ўзбекистон. Россия, Арманистон, Австралия, Белорусия, Болгария, Хитой, Чехословакия, Франция, Грузия, Германия, Эрон, Қозоғистон, Литва, Монголия, Полша, Португалия, Сурия, Тожикистон, Украина, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Ветнам мамлакатлари олимларининг ўзаро тажриба алмашиши, фикр-мулоҳазалари, муҳокама ва таклифлари барча учун ўзро манфаатли бўлгани сир эмас. Муҳокамадан ўтган илмий мақолаларнинг Scopus, Web of Science халқаро базалар рўйхатидаги нуфузли илмий-техник журналларда чоп этилиши ҳам алоҳида қийматга эга.

ТИҚХММИ матбуот хизмати