“Биз диний экстремизм ва терроризмга қаршимиз!” мавзусиги маърифий тадбир ўтказилди
2018 йил 11 апрель куни институт маданият саройида талаба-ёшлари ва профессор-ўқитувчилари ўртасида “Биз диний экстремизм ва терроризмга қаршимиз!” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Репсубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитаси етакчи мутахассиси Элёр Алимқулов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Норим Рахмонов, профессор-ўқитувчилар ва 850 нафар талаба-ёшлар иштирок этдилар. Тадбирни Маънавий - маърифий ишлар бўйича проректор Қ.Шавазов кириш сўзи билан очиб тадбир иштирокчиларини таклиф этилган меҳмонлар ва мутахассислар билан таништирди. Шунингдек, тадбирдан кўзланган асосий мақсад, талаба-ёшларни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, зарур вақтда ана шундай кучларга қарши маърифат илми билан қарши курашишни кераклигини тушунтиришдан иборат эканлигини гапириб ўтди. Шундан сўнг сўзни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси етакчиси Э.Алимқуловга берди, У ўз маърузасида бугунги кунда ислом динини ниқоб қилиб ноинсоний ҳаракатларни олиб бораётган террорчилик ташкилотлари қўлида қурол билан мусулмон давлатларида олиб бораётган хунрезликлар ҳамда экстремистик қўлланмалар тарқатиш орқали дунё ёшларини онгини заҳарлаб ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширишаётганлигини таъкидлади. Ҳозирги вақтда ислом динини ниқоб қилиб, ўзларини мусулмонман, дея қўпорувчилик, террочилик ҳаракатларини олиб бориш жараёнида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабабчи бўлаётган манфур кимсаларнинг қилмишлари ҳақида талабаларга батафсил тушунтириб берди. Шунингдек, бугунги кун ёшларининг қай даражада билимли ва ватанимиз келажаги учун ўзининг яхши хулқи, билими, ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишиш лозимлигини, шунинг билан бирга доимо огоҳ бўлган ҳолда ҳар биримиз юртимизнинг тинчлиги учун масъулмиз, дея таъкидлаб ўтди.
Тадбирнинг мавзусидан келиб чиқиб, талабаларга сўз берилди, Иқтисод ва менежмент факультетининг 3–босқич талабаси М.Раҳматова ўз сўзида мамлакатимизда истиқлолга эришилгандан кейин ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор, Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида сўзлар экан, биз ёшларни маънан юксак, руҳан тетик, соғлом ва баркамол бўлишлари учун кўплаб қонун ва фармонлар, қарор ва фармойишлар эълон қилинганлигини, “Таълим тўғрисида” ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунлар бунинг яққол мисолидир, бу ишлардан пировард мақсад, биз ёшларнинг турли ақидапарастлар тўрига илиниб қолмаслиги, улар ўртасида “аср – вабоси” ҳисобланган гиёҳвандлик ва оғуфурушликка берилишларнинг олдини олиш ҳамда фарзандларимиз қалбини турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш эканлигини ҳақида гапирди.
Тадбир давомида “Тафаккур эҳтиёжи”номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Тадбир сўнгида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олдилар.