Докторантура йўналишидаги ҳамкорлик

Таълим босқичларининг турли поғоналари билим эгаллаш ва уни амалиётга қўллаш даражалари билан боғлиқ. Докторантура таълими илмий маълумот, назарий қонуният ва амалий фаолиятнинг юқори даражаси сифатида аҳамиятга молик.

Европа Иттифоқи кўмагида очилаётган докторантура таълими ана шундай моҳиятга эга. 11-12 январь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Европанинг “Эрасмус+” дастури асосида очилган, янги ДСинГИС (Геоинформатика соҳасида докторантура) лойиҳасининг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди.

  

Унда Европанинг нуфузли кўрсаткичга эга бўлган 4 та Олий таълим муассасалари, шунингдек, 5 та Ўзбекистондаги университет ва институтлар, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот ва муассасалар иштирок этдилар.

Йиғилишнинг биринчи кунида лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда институтимиз ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков тантанали равишда лойиҳани очиб берди. Шундан сўнг асосий қисмга ўтилди. Ушбу лойиҳа 3 йилга мўлжалланган бўлиб, йиғилишда лойиҳанинг келаси йилларда лойиҳа доирасида амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳамда унинг ишчи режаси тузилиб чиқилди.

Лойиҳанинг мақсади – Геоахборот тизимининг илмий асослари (ГАТ) орқали Ўзбекистонда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва Геоинформатика соҳасида янги доктарантура мутахассислигини очиш ҳамда уларни илмий салоҳиятини оширишдан иборатдир. Лойиҳадан бир қанча юқори сифатга эга бўлган натижалар кутилмоқда.

Жумладан: ГИС дастурини татбиқ этиш соҳасида доимий касбий ривожланишни қўллаб-қувватловчи янги докторлик дастурини, инновацион докторлик дастурларини ва усулларини ишлаб чиқиш; Ахборот ва комуникация технологиялари базасида кенгайтирилган ўқув ва илмий-тадқиқот муҳитини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустакамлаш; ГАТ бўйича Ўзбекистондаги ҳамкор университетларнинг академик ва илмий ходимларининг илмий даражасини ўрганиш; Ўзбекистонлик олимлар эътиборини халқаро тартиб-қоидаларга асосланган Геоахборот тизимининг илмий асосларида докторлик ва тадқиқот ишига қаратиш; Профессор-ўқитувчилар ва докторантларни Геоахборот тизимининг илмий асосларига қаратилган халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок этишини таъминлаш. Йиғилиш сўнгида меҳмонларга институт томонидан эсдалик совғалар берилди.

 

Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Илҳом Абдураҳмонов ахбороти

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов