Долзарб семинар-тренинг
Иқтидорли талабаларни турли танловларга тайёрлаш ва уларни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб бориш учун ташкил этилган навбатдаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Сизга маълумки, институтимизда 2018 йил 16 февраль куни иқтидорли талабаларни турли танловларга тайёрлаш ва уларни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб бориш учун семинар-тренинглар ўз ишини бошлаган эди.
Навбатдаги семинар-тренинг дарсини 2018 йил 23 февраль куни институт Ахборот хавфсизлиги бўлимининг бошлиғи, филология фанлари номзоди Жуманиёзов Рахимбой Маткаримович олиб борди. У ўзининг “Нотиқлик санъатини шакллантириш ва талабаларни ҳар қандай аудиторияда ўзини тутиш, фикрлаш даражаси ва билим кўникмаларни ошириш бўйича тайёрлаш” мавзусидаги маъруза билан қатнашди.
Улар ўз нутқида қуйидаги масалаларга эътибор қаратиб, жозиб нутқ ирод этдилар.
Инсоннинг ўзлигини билдирувчи кўзгу бу унинг сўзлигидир. Ўз фикрини аниқ, тиниқ ва таъсирчан ифода эта олиш, аслида, юксак маънавиятдан, юриш-туриш, кўриниш ва кийиниш эса этик ва эстетик меъёрлардан далолат. Тинимсиз машқ ва интилиш мақсадларнинг рўёби билан боғлиқ. Бу хусусиятларни чуқур идрок этган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказида ўз малакаларини оширишга келган тингловчилар сўзлаш, тинглаш ва англашнинг инсон учун қай даражада зарурлигини билибгина қолмасдан, балки уни ўз фаолиятида қўллай олаётгани ижобий ҳодиса. Касбини севган, ўз соҳасини нозик тушуна оладиган талабчан ходим бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
1997 йилнинг 29 августида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IХ сессиясидаги нутқларида биринчи Президент ушбу мулоҳазаларни келтириб ўтгандилар. “Ўз фикрини мутлақо мустақил, она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисига ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин.” Бу шунчаки фикр эмас, балки касбга, вазифасига, тилга, элга бўлган масъулият ҳисси ва мажбурият бурчи ҳам демакдир.
Бугунги кунда ўз соҳасининг ва касбининг етук мутахассиси бўлиш илинжидаги ҳар бир ходим ўз нутқида тўлиқ ва равон гапира олиши лозим. Айниқса, раҳбар ходимлар сўзлаган нутқини адабий тилда ўз маромига етказиб ифодалай олиши шарт. Раҳбар ходим ўз нутқи орқали қўл остидаги ходимларини эргаштириш орқали муваффақиятларга эришиши осон бўлса, аксинча нутқидаги камчиликлар ва чайналишлар мавжудлиги орқали эса ходимлар ҳурматига сазовор бўла олмайди, касбдошларининг ишончини қозона олмайди ҳам.
Мазкур семинар-тренингда институтимизнинг иқтидорли талаба ва магистрантлари иштирок этишди. Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу семинар-тренинглар ҳар ҳафта жума куни соат 1500 да режа асосида белгиланган жойларда бўлиб ўтади.
ИТ ва ИПКТ бўлими 1-тоифали инженери С.Б Ярова ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов