Фарғоналик талаба уйда қолиб, даромад кўрмоқда
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг 2-босқич талабаси Сардорбек Аббосов карантин даврида уйда қолиш билан чекланиб қолгани йўқ. Онлайн дарсларни ўзлаштириш билан биргаликда хонадонидаги томорқада меҳнат қилмоқда. Оила аъзоларига ёрдам бериб, даромад олишни ҳам бошлади. У истиқомат қилаётган Фарғона туманидаги Водил қишлоғи ўзининг мўътадил ҳавоси, сўлим табиати ва шарқираб оқаётган сойлари билан донғи кетган. Шоҳимардонга бормоқчи бўлган юртдошларимиз шу қишлоқ орқали ўтади. Айниқса, бу ерда етиштирилаётган малинанинг таърифига тил ожиз. Унча кўзга ташланмайдиган бу шифобахш мевани оилавий бизнеснинг мўъжизаси десак муболаға бўлмайди. Мазкур қишлоқда бу мевани етиштириш аллақачон оммалашиб кетган. Водил малинаси бугунги кунда нафақат вилоятда балки бутун водийда машҳур бўлиб, бу ерда яшовчиларнинг аксарияти малина етиштириш билан шуғулланади.
Сардорбек бугунги кунда ўз уйида малинани янги технологиялар асосида парваришлаш, ҳосилдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Талаба йигитнинг айтишича, ҳар бир оила бир йилда бу мевадан икки маротаба ҳосил олаётган бўлиб, 8-10 миллион сўм даромад кўряпти. Баъзи миришкорларнинг даромад эса бундан-да кўп. –Томорқамиздан фақат оиламиз эҳтиёжи учун керакли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш билан чекланардик, – дейди С. Аббосов.–Ҳозир иссиқхона ҳам ташкил қилдик. Уруғлик кўчатлар, шунингдек, помидор, бодринг каби маҳсулотларни парваришлаяпмиз. Очиқ ер майдонида картошка, сабзи етиштирамиз. Ҳовлимизда мевали кўчатларнинг барча тури бор. Ҳа, бу каби ғайратли ёшларимиз карантин даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган. Зеро, улар томорқа – катта хазина эканлигини амалда исботламоқда.
Manba: uza.uz