Хитой халқ республикасининг Powerchina International Group Limited компанияси ва институтимиз ўртасидаги ҳамкорлик

Сув ва қишлоқ хўжалиги олий таълими ва илми фани ривожига эришиш йўлида ўз фаолиятларини халқаро андозалар ва куннинг долзарб муаммоларининг барқарор ечимлари ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар талаблари асосида ташкил этаётган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида халқаро ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор билан қаралмоқда.  Мазкур йўналишда бугун ТИҚХММИда унинг ишончли ҳамкорларидан бири бўлган Хитой халқ республикасининг Powerchina International Group Limited компанияси ва институт раҳбарияти ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида муваффақиятли амалга ошириб келинаётган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг навбатдаги вазифаларини муҳокама қилиш бўйича ишчи учрашув ўтказилди. 

 

Учрашувда Powerchina компаниясидан унинг бош инженери ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси Бош директори жаноб Ван Янь Ли ва компаниянинг тижорат менежери Чао Юе ҳамда ТИҚХММИдан институт ректори проф. Ў. Умурзаков ва “Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедраси мудири, ректорнинг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси проф. А.Т. Салохиддинов иштирок этдилар.

Ишчи учрашув давомида келишув меморандуми доирасида 2018 йилнинг иккинчига режалаштирилган ишлар ва уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди:

  1. ТИҚХММИ раҳбарияти ва Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги вакилининг ХХРга бўладиган расмий сафарини ташкил этиш ва ўтказиш;
  2. Powerchina компанияси иштирокида Хитойнинг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги энг нуфузли олий таълим муассаларидан бири бўлган Хохай университети ва ТИҚХММИ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни ташкил этиш;
  3. Хитойнинг Хохай университетига магистратурага юборилаётган 6 нафар ТИҚХММИ битирувчиларининг нафақат ўқиши, балки ХХР шароитида аъло ўқиши ва тегишли малакаларга эга бўлишлари учун зарурий шароитларни доимий таъминлаш билан бирга, тегишли мониторинг олиб боришни ташкил этиш;

Учрашув давомида муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди:

ТИҚХММИ раҳбарияти ва Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги вакилининг ХХРга бўладиган расмий ташрифи муддатлари ва дастури лойиҳаси келишиб олинди.

Хитойнинг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги энг нуфузли олий таълим муассаларидан бири бўлган Хохай университети ва ТИҚХММИ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандуми мазмуни келишиб олинди.

Хохай университетига магистратурага ўқишга қабул қилинган 6 нафар ТИҚХММИ вакилларининг 2 нафарига Хитой давлат стипендияси ва 4 нафарига Хохай университети стипендияси берилиши, шунингдек, истисно тариқасида ҳар олти талабанинг йўл ҳақлари ҳам бу йил компания томонидан қоплаб берилиши бўйича қарор қабул қилинди.

 

“Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедраси мудири, ректорнинг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси проф. А.Т. Салохиддинов ахбороти,

 

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов