Ҳисобот – мажбурият ва масъулият ёрлиғи
Жорий йил 9 январь куни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич институтнинг барча ходимлари ва устоз-мураббийлари билан учрашув ўтказди. Ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган айрим камчиликлар борасида ахборот берилди ва шу йўсинда фикр алмашинилди. Йил якуни бўйича маълумотлар ва янги йилда бажарилиши лозим бўлган ишлар ва режалар хусусида ҳам келишиб олинди.
Институт проректорлари, факультет деканлари, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирларига худди шу йўсинда зарур бўлган ишлар юзасидан таклиф ва топшириқлар берилди. Тадбирдан кўзланган мақсад олийгоҳ нуфузини юксалтиришгина бўлиб қолмай, балки ҳар бир талабани яшаш ва ўқиш шароитини тубдан ўрганиш, унга яқиндан кўмак бериш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.
Қолаверса, ўқув жараёнларини янада юксалтириш, сифатини ошириш мақсадида барча керакли шарт-шароит яратиш ва қўллаб-қувватлашга институт раҳбарияти доимо тайёрлигини айтиб ўтилди.
Ўзига хос ҳисобот ўрнида ўтган ушбу учрашув барча педагог ва ходимларга масъулият ҳисси ва мажбурият бурчи ўрнида бўлиши яна бир бор таъкидланди.
Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов