Институт профессор - ўқитувчилари зиёрат саёҳатида
Зиёрат замиридаги саёҳат
Теран томирлари туташ бўлган, ёндош ва қондош ўзбек ва қозоқ халқларининг мақсадлари ҳам муштаракдир. Президентларимизнинг таклиф ва ташрифларида, ўзаро учрашувларида ҳам ана шу эзгу ният бор. Ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик замирига қурилган ижтимоий-иқтисодий ҳамда илму фан, санъат соҳаларидаги маданий алоқаларимизнинг янада ривожланаётгани истиқболимизнинг, иқболимизнинг порлоқ эканидан нишондир. Президент Нурсултон Назарбоев томонидан жорий йилнинг “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро ҳамкорлик сиёсати бўйича таклифларининг қўллаб–қувватланиши ҳам худди шу фикрларимизнинг ёрқин ифодасидир. Узоқ тарихга эга бўлган борди-келди муносабатларимизнинг янада жонланаётгани ҳар иккала халқнинг қалбига хушнудлик олиб кирди.
Жорий йилнинг 30-31 март кунлари институтимизга Қозоғистон миллий аграр университети ректори, академик Есполов Тлектес Исабаевич бошчилигидаги делегациянинг ташриф буюриши ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги битимларнинг имзоланиши ҳам ана шу мақсадларнинг ифодасидир.
2018 йилнинг 30 - 31 март кунлари институтда кўп йиллардан бери фидоийлик билан меҳнат қилиб келаётган 30 нафар профессор-ўқитувчилар Туркистон шаҳрида жойлашган ислом оламининг буюк намоёндаси Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасига зиёрат учун 2 кунлик саёҳат уюштирилди. Режага мувофиқ дастлаб Хўжа Аҳмад Яссавий туғилган Сайрам шаҳрида унинг Иброҳим ота ва онаизори Қорасоч (Ойша) оналарнинг қабрлари зиёрат қилинди. Сўнгра Фороб қишлоғида жойлашган Хўжа Аҳмад Яссавийга Муҳаммад пайғамбарнинг омонатини етказган ва устозлик қилган Арслонбобо мақбарасига ташриф буюришиб, қўй сўйилиб қурбонлик қилинди ҳамда зиёрат амаллари бажарилди.
Саёҳатнинг иккинчи куни Туркистон шаҳридан 60 км узоқликда жойлашган Қарнақ қишлоғининг тоғли ҳудудида қўним топган, Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобаларидан бири бўлган Укаш ота қабри зиёрат қилинди. Куннинг иккинчи ярмида Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмад Яссавий мавзолейига ташриф уюштирилиб зиёрат амаллари бажарилди. Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида XIV-асрнинг охирларида Соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан барпо этилди. Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий биноси – ўрта асрдаги бинокорликнинг ноёб намунаси. У XII - асрда ижод килган бутун шарқ дунёсига машҳур қадимги туркийзабон шоири, тасаввуфни ёйган Аҳмад Яссавий даҳоси ва закосига таъзим рамзидир.
Муқаддас қадамжоларнинг зиёрати улуғ авлиёларнинг руҳини шод этиш ҳамда шукроналик ва қаноат туйғусини дилдан туйиш учун ҳам аҳамиятлидир.
Институтимизнинг касаба қўмитаси томонидан бундай тадбирларнинг тез-тез уюштирилиши мақсадга мувофиқ эканлиги белгиланди. Эндиликда қардош республикаларимиз ва ўз ҳудудимиздаги тарихий-меъморий ёдгорликлар ҳамда муборак қадамжоларни зиёрат қилиш инсоннинг юртга, ҳаётга муҳаббатини кучайтирмасдан қолмайди.
Институт касаба қўмитаси раиси Фаррух Ирисов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов