Китоб - маънавият мўъжизаси

Китоб орқали эътиборни билдириш нафақат эҳтиром белгиси, балки маънавият ва маърифатни улашиш ҳамдир. Президентимизнинг таклиф ва чорловлари билан бошланган маърифат тарқатишнинг ўзига хос таъсирчан ва самарали усули “китобулаш” хайрли ҳаракати оммавий китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасида катта аҳамият касб этаётгани рост.

  

Саккиз бурчаки, олти томони бор бўлган илму тилсимга эга, қудратли мўъжиза бор. Биз уни варақлаб ичига кирамиз, маънавий озиғимиз, таъбир жоиз бўлса, ёзиғимиз ҳам аслида, шу билан. У таълим ва тарбиянинг маёғи, инсонийликнинг байроғидир. Бу сеҳрли мўъжиза китобдир.

Халқимиздаги “Бир кун туз тотган жойга қирқ кун салом беринг”, деган нақлнинг моҳияти катта. Бу сизга таом берган халқ ва ватанга эҳтиромли бўлиш демакдир. Сизнинг мурғак қалбингизда илк бор илм куртагини ниш уришига боис бўлган, калом берган таълим муассасаси ва у масканда фаолият юритган мураббийларга эҳтиром доимо юксак даражада бўлиши аниқ. Чунки билим  учқуни ва илм алангасини қалбингизда ёндира олган қутлуғ маскан бу мактабдир.Баданга қувват таомдан бўлса, руҳга қувват каломдан экани ҳам бежиз эмас.

 

Ўзингиз таълим олган мактабга бориш китоблар тақдим этиш завқли, қолаверса, бу маърифат улашишнинг муҳим механизми. Мактабда таълим олаётган ўқувчилар сиздан ўрнак олади, сиздек бўлишга интилади. Бу сиз тақдим этган китобни қўлга олганлари заҳотиёқ уларда туғиладиган илк таассуротдир.

Ана шу маънавий эҳтиёжни, маърифий заруратни ҳис этиш асносида олий таълим муассасалари ректорлари ўзларининг болалиги кечган, ўзлари таълим олган мактабларга бориб китоблар тақдим этишлари, ижодий мулоқотлар уюштиришлари оммавий тарзда бўлаётгани қувонарли ва хайрлидир.

 

Институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич ўзлари таълим олган Жиззах вилояти Зомин туманидаги 1 – сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрдилар. Беғубор болаликнинг қувонч ва ҳайратлари кечган таълим муассасасига қадам қўйиш беихтиёр инсонни ҳаяжонлантиради. Ўзининг ёшлик давридаги ўқиш ва интилишлари, китобга бўлган меҳри қалбида яна бир бор жунбуш уриши тайин. Қалбларидаги қувонч билан Ўктам Пардаевич ўзлари таълим олган мактабга қадам қўйишлари биланоқ, ўқитувчи ва ўқувчилар уларга пешвоз чиқишди.Сўнгра мактабнинг кенг ва ёруғ фаоллар залида ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида устоз билан ижодий учрашув ва энг сара китобларни тақдим этиш тадбири бўлиб ўтди. 

Элликдан зиёд нусхадаги бадиий ва илмий-публицистик китобларни устоз қўлидан хурсандлик, айрича қувонч ва завқ билан қабул қилаётган ўқувчиларнинг шодлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Китоб улашиш хайрли тадбири давом этаверади, худди ой нур ва қуёш зиё бахш этавергани сингари.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов