Сифат самарага сабаб
Қайси давлатда бўлмасин, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш манбаи, таълимнинг самараси таълимнинг сифатига дахлдор. Бу эса инновацион ихтиролар ва инвестицион фаолият билан боғлиқлиги кундек равшан. Шунинг учун ҳам жаҳонда таълим сифатини баҳоловчи кўплаб рейтинг тизимлари мавжуд. Улар мунтазам равишда таълим, маданият спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларига қаратилган йиллик университетларнинг рейтингини эълон қилиб боради. Рейтинг натижаларига қараб пировард мақсад, истиқболли режалар, тараққиёт стратегияси ва тактикаси белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3151-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда республикамиздаги олий таълим муассасаларини халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этишига тайёрлаш мақсадида 2019 йилнинг 14-15 январь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Биринчи “Университетлар ва халқаро рейтинг: ривожланиш стратегияси (1st International Conference «Universities and International Rankings: Strategy Building»)” мавзусида ўтказилаётган Халқаро конференция ҳам ана шу мақсадларга қаратилган.
Даставвал, дунёда таълим сифатини баҳоловчи айрим рейтинг тизимлариниг бугунги кундаги роли беқиёс. Улар орасида дунё тан оладиган QS, Times Higher Eduducation (THE) компаниялари ўзининг нуфузи билан эътиборга молик.
QS (Quacquarelli Symonds) компанияси таълим ва мутахассислик тармоғига йўналтирилган компания бўлиб, 1990 йилда Нунзио Куакуерелли томонидан ташкил этилган. Компания қизиқишлари, мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқчи бўлган инсонларга ўз йўналишларига мос келадиган ОТМни танлаш учун хизмат қилади. Компания ҳар йили дунё бўйлаб энг яхши университетларнинг рейтингини эълон қилади. Рейтингни турли хил индикаторлар ёрдамида аниқлайди.
QS ҳамда Times Higher Eduducation (THE) Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорликда илмий тадқиқотчиларнинг мақолалари таҳлилини қилади.
Дунёда илмий тадқиқот ишларини электрон сақлаш, уларни фойдаланувчиларга етказиш учун кўплаб маълумотлар базалари мавжуд бўлиб, улардан жаҳонда эътироф этилган Web of Science, Elsevier, Springer каби етакчи компаниялар мавжуд.
Elsevier илмий-техник, тиббиёт соҳасига йўналтирилган информацион ва аналитик компаниядир. Компания ўз ичига бир нечта маълумотлар базаларини олади. Булардан, Scopus, ScienceDirect ҳамда Mendeley маълумотлар базаларини мисол қилиб кўрсатиш мукин.
- Scopus - илмий мақолалар ва иқтибосликларни анализ қилувчи маълумотлар базаси, бунда мақолаларга бериладиган иқтибосликларни кўриш имконияти мавжуд.
- ScienceDirect – маълумотлар базаси Elsevier компаниясиянинг яна бир маҳсули, мақолаларни журналлар ва китоблар бўйича қидириш учун енгиллик яратади.
- Mendeley – Илмий ишларга иқтибослик бериш учун кўмаклашадиган информацион, библиографик кутубхона.
Иқтибослик (Цитирование) – кимнингдир илмий ишидан фойдаланиб, унга иқтибослар келтириш
H-индекс (индекс Хирша) – илмий ўлчов кўрсаткичи. Калифорния Университети физиги Хорхе Хирша томонидан яратилган илмий тадқиқот ишининг ўлчов бирлиги. Унинг номи билан аталади. Ушбу индекс маълумотлар базаларига қараб турлича ўлчанади, мисол учун, Scopusда ҳар бир мақолага қилинган 5 та иқтибослик 1 та h-индексга тенг.
Ана шундай мезон ва имкониятларга эга бўлган, таълим сифатини аниқлашга қаратилган халқаро рейтинглар жаҳоншумул аҳамиятга эга. Бу эса институтимизда ташкил этилаётган Халқаро конференциянинг нуфузи нечоғлик юқори эканлигидан далолатдир.
Хорижлик мутахассисларнинг ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун қизиқишлари ва ташрифлари бежиз эмас. Нидерландия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлардан ташриф буюрган мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари конференция ишининг самараси ва даражасини оширмасдан қолмайди.
Икки кунга мўлжалланган халқаро конференция 14 январь куни ўз ишини бошлади. Анжуманни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич бошқариб бориш асносида бугунги Халқаро конференциянинг илк марта ташкил этилаётгани, юқори малакали мутахассисларни, педагог ва илмий ходимларни тайёрлаш, уларни замонавий талаблар ва илғор хорижий тажриба билан қуроллантириш борасида катта аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Сўнгра сўз Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Узоқбой Шойимқулович Бегимқуловга берилди. Улар олий таълим соҳасида мамлакатнинг стратегик мақсад ва вазифалари юзасидан тақдимот қилдилар. Кейин эса Буюк Британия QSнинг ҳудудий директори Зоя Зайцева маъруза учун сўзга чиқиб, университетларнинг умумжаҳон рейтингига киришига доир мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Россия фан ва таълим вазирлиги ҳузуридаги олий таълимда давлат сиёсати бошқарувининг собиқ директори ўринбосари Елена Колесникова "5-100 лойиҳаси" нинг моҳияти бўйича маълумот берди. Кейин эса Ал-Форобий номидаги намунавий Қозоғистон миллий университетининг проректори Мухамбеткали Буркетбаев "Из ниоткуда в топ 250" бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди. Киберметрика Лаб ҳузуридаги жаҳон университетлари рейтинги директори Исидро Адуилло ўз маърузасида вебометрикага кириш юзасидан тўхталиб ўтган бўлса, "Elsevier" (Нидерландия) компаниясининг ҳудудий директори Алия Оспанованинг маърузаси университетлар рейтингида библиометриянинг муҳимлиги масаласига бағишланди.
Қисқа танаффусдан сўнг Халқаро конференция олтита секцияга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов