Москва шаҳридан ташриф буюрган академик Т.Н.Қори-Ниёзий невараси билан учрашув
Академик Т.Н.Қори-Ниёзий невараси ф.-м.ф.н. Шавкат Шавкатович Қори-Ниёзий ва Ўзбекистон Миллий университети профессори, “Академик Қори-Ниёзий мероси” Илмий-методик маркази директори ф.-м.ф.д. Н.Касимов институтимизга ташриф буюришди. Меҳмонларга институт бош биноси, ахборот-ресурс маркази ва ўқув лаборатория хоналари таништирилди.
Меҳмонлар инглиз тили курсида қатнашаётган талабалар билан учрашди. Ш.Ш.Қори-Ниёзий талабалар билан инглиз тилида мулоқот қилди ва уларнинг инглиз тилидаги гаплашишини юқори баҳолади. (Ш.Ш.Қори-Ниёзий АҚШда математика фанидан дарс берган). Ш.Ш.Қори-Ниёзийнинг ЕРБ факультети талабалари ва ёш ўқитувчилари билан учрашуви ташкил қилинди.
Проф. Н.Касимов математика фанининг аҳамияти ва республикамизда бу соҳада эришилаётган ютуқлар ҳақида талабаларга сўзлаб берди. Ш.Ш.Қори-Ниёзий 2007 йилда ташкил этилган “Академик Қори-Ниёзий мероси” Илмий-методик марказининг мақсади ва вазифалари ҳақида гапирди. Илмий-методик марказ томонидан Тошкент шаҳридаги 3 та ОТМ талабалари ва 2 та ИТМ таянч докторантлари учун “Қори-Ниёзий стипендияси” тайинланади. Иқтидорли талабаларни хорижий олимпиадаларда қатнашишга, Россияда чиқадиган математика журналларига обуна бўлишга ва илмий анжуманларни ўтказишда амалий ёрдам беради. Тошкент шаҳридаги ОТМ талабалари ўртасида фан олимпиадаси ва академик лицей ўқувчилари ўртасида танловлар ташкил қилади. Ш.Ш.Қори-Ниёзий талабаларни Илмий-методик марказ томонидан ташкил қилинаётган математика фани бўйича ўтказилаётган олимпиадаларда фаол қатнашишни таъкидлади. Илмий анжуманлар ва ҳалқаро олимпиадаларда қатнашиш бўйича таклифлар беришни сўради. “Қори-Ниёзий стипендияси” ғолиби ЕРБ факультети талабаси Ж.Алияровни табриклаб, ўқишларида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, Ш.Ш.Қори-Ниёзий ва Н.Касимов “Олий математика” кафедраси профессор-ўқитувчилари билан учрашди. Математика соҳасидаги долзарб муаммолар ҳақида фикр алмашилди. Ш.Ш.Қори-Ниёзий илмий тадқиқот олиб бораётган мустақил изланувчиларга диссертацияларни соҳа бўйича хорижий йирик илмий марказларда апробациялардан ўтказиш учун таклифлар бериш ва бориб-келишга амалий ёрдам кўрсатишини билдирди.