Космик суратлар ёрдамида карталар тузиш

Бугун 11 май 2018 йил 13:30 да институмизнинг В ўқув биноси 8 маърузалар залида “Геодезия ва геоинформатика ”кафедраси доценти, т.ф.н., Ойматов Рустам Қамардинович 1 босқичда таҳсил олаётган талабаларга “Космик суратлар ёрдамида карталар тузиш” мавзусида Очиқ маъруза ўқиди. Маърузада “Геодезия ва геоинформатика ”кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда “Таълим сифатини назорат қилиш” бўлими мутахассислари иштирок этишди. 

Ўқитувчи ўз маърузасини Ернинг сунъий йўлдошлари ҳақида қуйидаги маълумотлар бериш билан бошлади:

Сунъий йўлдош – сайёра атрофида эгри чизиқ бўйлаб ҳаракатланадиган ҳар қандай объект, ой - Ернинг табиий сунъий йўлдошидир ва Ернинг ёнида инсон қўли билан яратилган кўплаб сунъий йўлдошлар мавжуд. Сунъий йўлдошнинг ҳаракат йўли орбита дейилади, баъзан у айлана шаклини олади.

Сунъий йўлдошлар турли шакл ва ўлчамларга эга бўлиб, турли хил вазифаларни бажаради: Метеорологик сунъий йўлдошлар метеорологларга об-ҳаво прогнозини ёки ҳозирги пайтда нималар содир бўлганлигини кўришга ёрдам беради. Геостатсионар оператсион экологик сунъий йўлдош (ГОЕС) шулар жумласидандир. Ушбу сунъий йўлдошлар  одатда,  Ернинг об-ҳавосини акс эттирувчи камераларни ўз ичига олади. Алоқа сунъий йўлдошлари телефон суҳбатларини сунъий йўлдош ёрдамида узатишга имкон беради. Алоқа сунъий йўлдошининг энг муҳим хусусияти транспондер бўлиб, бир частота бўйича суҳбатни олиб борадиган радио, кейин уни кучайтиради ва бошқа частотада Ерга узатади. Сунъий йўлдош одатда юзлаб ёки минглаб транспондерларни ўз ичига олади.

Сунъий йўлдошлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилгандан сўнг, фан номзоди талабаларга Карталаштириш жараёнилари ҳақида аввал назарий, сўнгра компьютер дастурлари орқали амалий тушунчалар бериб ўтди. Талабалар “AgisoftPhotoScan”, “ArcGIS”, “PhotoMod” каби бир қанча дастурлар ёрдамида ишлаш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлаб олишди. Мавзу сўнгида талабаларга мустақил таълим учун вазифалар берилди.

Ўқув-методика бошқармаси методисти Мафтуна Тошева ахбороти