Лизинг фойдаси

Ҳар бир жараённинг ва ҳар бир воситанинг ўз аҳамияти бўлганидек, лизинг ҳам катта имкониятлар эшигини очиши ҳақлигини куни кеча ташкил этилган муаммоли маъруза орқали билиб олиш осон кечди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультетининг “Машиналардан фойдаланиш ва таъмирлаш” кафедраси аъзолари ва “ҚХМ” йўналишининг 3-4-курс талабаларига 2018 йил 13 апрелда “Ўзагролизинг” АЖ юридик бўлим бошлиғи Ф.А.Ходжиевнинг “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб бериш амалиёти тўғрисида” мавзусидаги муаммоли маърузаси моҳият эътибори билан эътиборга молик бўлди.

Муаммоли маъруза “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети аъзоларига 5430100 -“Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш” таълим йўналиши 3 ва 4-курс талабаларига мўлжалланган. Муаммоли маъруза материали 78 бетдан иборат электрон вариантда тақдим этилди. Унда муаммоли дарснинг режаси ва режа асосида ўтиладиган “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб бериш амалиёти тўғрисида” мавзусидаги тўлиқ матнлари давлат тилида тушунтириб берилди.

Маърузачи Республикамизда кенг фаолият юритаётган  лизинг тизимининг тузилмаси, улар томонидан АСМда фермер ва деҳқон хўжаликлари юқори унумли замонавий, маҳаллий ва хорижий техникалар билан таъминлаш амалиёти тўғрисида, ҳамда нархи баланд бўлган мураккаб техникаларни хўжаликларга:

  • қисқа муддатларга;
  • ўрта муддатларга;
  • узоқ муддатларга

ижарага бериш тартиби, лизинг бўлинмаларининг ҳозирги кундаги мақсади, вазифалари ва истиқболлари мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари тўғрисида атрофлича янги маълумотлар берди.

Маърузачи  ўз маърузасида Республикамиз АСМдаги серқирра ва мураккаб масалаларни сифати, юқори савияда ҳал қилиш ишлари, шубҳасиз, маҳаллий кадрлар етиштиришга, яъни бугунги талабаларга бориб тақалишини таъкидлади. ҚХМ факультетининг  3 ва 4 - курс талабаларига катта муваффақиятлар тилади.

Талабалар  ва ўқитувчилар томонидан берилган кўплаб саволларга атрофлича жавоб берилди.

Ўқилган мавзу барча тингловчиларда яхши таассурот қолдирди ва сўзга чиққанлар маърузачига ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

 

 “Машиналардан фойдаланиш ва таъмирлаш” кафедраси ассистенти Н.Т.Джураев ахбороти,

 Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.