Институтимизда “Лойиҳалаш гуруҳи” ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Маълумки, бутун дунёда сув тақчиллиги муаммоси йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, сувдан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги ташкил қилинди. 

Давлатимиз раҳбари кўрсатмаларига мувофиқ ишлаб чиқилаётган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида ҳам сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйича долзарб чора-тадбирлар назарда тутилган.

Йиғилишда суғоришдаги йўқотишларни қисқартириш, ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. 

Бугунги кунда 3 миллион 200 минг гектар ерга 46 миллиард куб метр сув сарфланиб, унинг 60 фоизи экинларга етиб боряпти, холос. Чунки жами 180 минг километр суғориш тармоқларининг 23 фоизи бетон қопламали бўлиб, улар ҳам 30-35 йилдан буён деярли янгиланмаган. 

Яна бир сабаби экин майдонларининг 98 фоизи эскича услубда суғорилаётгани, экинлар номақбул жойлаштирилаётганидир. Сувдан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш, ирригация тармоқларида сув тежовчи янги технологияларни қўллаш бўйича ҳеч бир ташкилот талаб қўймаяпти.

Шу боис ҳудудларнинг сув таъминоти ва уни тежаш имкониятидан келиб чиқиб, экинларни жойлаштиришнинг такомиллаштирилган тизимини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Сув хўжалиги вазирлигига Жанубий Кореянинг 7 миллион долларлик гранти ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Келгуси йили 120 та ва 2023 йилгача 300 та объектда ушбу тизим татбиқ этилади.

Энергетика вазирлигига 1 минг 700 та насос станциясини 2020 йил якунигача электр энергия истеъмолининг автоматлашган назорат тизимига ўтказиш топшириғи берилди.

Умуман, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Соҳада бозор механизмларини татбиқ этиш ҳам замон талаби. Негаки ҳозирда ҳатто юқори даромад келтирувчи экин майдонлари, боғлар ва токзорларга ҳам сув давлат ҳисобидан етказиб берилмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилда 22 та тумандаги 50 та объектни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда сув хўжалигида илм ва инновацияни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Ёш олимларнинг илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш, талабаларда лойиҳалаш кўникмаларини шакллантириш, хорижий тажриба ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда тизимга инновациялар киритиш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институтида “Лойиҳалаш гуруҳи”ни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Барча йирик лойиҳаларда илмий ходимлар ва иқтидорли талабаларни объектларга бириктириш, уларнинг хорижда малака оширишига кўмаклашиш ҳамда илмий-инновацион ишланмаларни ушбу лойиҳалар доирасида амалиётга татбиқ этиш лозимлиги таъкидланди. 

Сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш соҳадаги энг асосий вазифадир.

Бундай технологиялар самарадорлиги Фарғонадаги битта фермер мисолида таҳлил қилинганда, сув сарфи харажатлари 50 фоизга, ўғит 37 фоиз, ёқилғи 35 фоизга қисқарган.

Шу боис кейинги йилда қўшимча 200 минг, 2025 йилгача 1 миллион гектар экин майдонига сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Бугунги кунда сув хўжалиги ташкилотлари тасарруфида 4 мингта суғориш қудуғи мавжуд. Битта қудуқ 30 гектар майдонга хизмат кўрсатиб, йилига 40-50 миллион сўмгача харажат қилинмоқда. Суғоришда қудуқ сувини одатдагидек ишлатиш оқибатида ер ости суви борган сари камаймоқда.

Шунинг учун мутасаддиларга қудуқ сувлари истеъмолчиларини 2020 йилда сув тежовчи технологиялар ва қуёш панелларидан фойдаланишга ўтказиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Яна бир масала – ҳозирда сув объектларини қуриш, реконструкция ва эксплуатация қилиш бўйича ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи вазифасини битта идора – Сув хўжалиги вазирлиги амалга оширмоқда. Бу эса соғлом рақобатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис 57 та пудрат корхонасини вазирлик тизимидан чиқариб, алоҳида акциядорлик жамиятига бирлаштириш вазифаси қўйилди. 

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарурлиги, улар инвестиция, грант ва бошқа маблағлар жалб қила оладиган, махсус техникаларга эга, фермерларга сифатли хизмат кўрсатувчи профессионал тузилма сифатида фаолият юритиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддилар ҳисобот берди. 

Манба:president.uz