Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ҳалқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 мартдаги “Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида”ги  қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан Тошкент шаҳридаги 8 та умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумдан асосий мақсад Тошкент шаҳрида умумтаълим мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий ва педагогик маҳоратини янада ошириш, ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини кучайтириш, уларнинг маънавий-маърифий билимлари ва дунёқарашини янада ошириш ҳамда олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир.  

Амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳамкорлик қилиш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунгача Олмазор туманининг 315-сонли ва 326-сонли умумтаълим мактабларида амалий ишлар олиб борилди. 

Институт профессор ўқитувчилари томонидан умумтаълим мактабларида дарс жараёнларини кузатиш ва таҳлил этиш натижасида мактаб ўқувчиларда аниқланган бўшлиқларни тўлдириш ва методик ёрдам бериш мақсадида барча фан ўқитувчиларига “Мастер класс” ташкил этилди.

Бугун институтда Олмазор тумани 315-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари учун "Очиқ эшиклар" куни ташкил этилди. Бунда ўқувчиларга қизиқишлари бўйича экскурсиялар ташкил этиш орқали АРМ, АТМ, лаборатория, маъруза заллари ва талабалар билан ўтказиладиган дарс жараёнлари яқиндан таништирилди.

Ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.