Маънавият моҳияти

2018 йил 27 март куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойи тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротов 8-қаватда яшовчи талабаларга “Маънавият тушунчасининг мазмун-моҳияти” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Суҳбат жараёнида маънавият борасида матбаа нашрларида эълон қилинган мақола ва шу йўсиндаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги мулоҳазалар билдириб ўтилди.

«Миллий маънавият десак, миллий биқиқликка йўл қўямиз, умуминсоний маънавият ҳақида фикр юритиш керак»,- деган гапни на маънавият нималигини, на миллийлик ва умуминсонийлик орасидаги нисбат қандай бўлишини тўғри тасаввур эта олмайдиган, илмий саводи чала одамларгина айтиши мумкин. Бир инсонга ўз миллий маънавиятини тугал англаб етиш учун ҳам, Аллоҳ юз йил умр берса, камлик қилади. Ҳиндистон маданиятидан бир чимдим, Европа илмидан икки жумла, ислом дунёси маънавий меросидан икки чўқим олиб, «жаҳоншумул» маънавият назариясига даъво қилгандан кўра, ўзбек юртида яшаб ўтган буюк алломалар ижодини имкон даражасида изчил ўрганиб, шу билимлар асосида миллий маънавият ҳақида фикр юритган афзал эмасми? Биз «маънавият нима?» деган саволга немис ёхуд инглиз, рус ёки поляк, ҳинд ёки япон қандай жавоб бериши мумкинлигини башорат қила олмаймиз. Умр бўйи миллий маънавиятини, узоқ асрлар давомида ўз миллати мансуб бўлган минтақа маданияти вакиллари ижодини асл манбалардан ўрганиб келган одам ҳам миллий маънавиятимизни мукаммал англаб етдим, деб даъво қилишга хижолат бўлади. Бу иш аслида, кўпчиликнинг иши. Миллат маънавияти учун бутун миллат қайғуриши керак.

Маънавият доимо миллий бўлади, шу билан бирга унда умуминсоний қадриятларга зид нарса ҳам бўлмайди, чунки ҳар бир миллатнинг мустақил маънавий дунёси, маънавий қиёфаси бир пайтнинг ўзида ички моҳиятига, ўзак томирларига кўра, ўзга халқлар маънавияти билан умумий жиҳатларга, бутун башариятни бирлаштириб турувчи муштарак унсурларга эга бўлади. Маънавиятнинг юқорида эслаб ўтилган таърифини миллат маънавиятига татбиқ этадиган бўлсак, уни бемалол миллат руҳидаги Борлиқ ҳақиқати билан уйғунлик, деб аташ жоиздир. Шундай экан, айни миллатимизни ўзга миллатлардан ажратиб турувчи моҳиятлар эмас, балки бирлаштирувчи омиллар миллий маънавият замирини ташкил этади. Фақат буни жўн тушуниш ҳам, жўнлаштириб талқин этиш ҳам - хато. Маънавиятимиздаги энг умуминсоний ғоялар ҳам ниҳоятда миллий бир тарзда ўзлигини намоён қилади, улар бошқа миллат маънавияти унсурларидан нусха кўчириш шаклида намоён бўлмайди.

4–ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов