АКАДЕМИК МИРЗИЁД МИРСАИДОВ АНДИЖОН МАШИНАСОЗЛИК ИНСТИТУТИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ.

Бу учрашувда иқтидорли бакалавриат талабалари, магистрлар, докторантлар,  институтнинг илмий ишлар буйича проректори т.ф.н., доц. Б.Мамажонов факультет деканлари, кафедра мудирлари, институтнинг  етакчи профессор ва доцентлари  қатнашдилар. Бу учрашувда ТИҚХММИ профессори Т.Мавлонов, Тошкент ахборот технологиялар университетининг Андижон филиали  профессори, и.ф.д., А. Абдуллаев,  Андижон машинасозлик институти “Олий математика” каф. доценти, ф.-м.ф.н.-  Т.Жалилова, Андижон қишлоқ хўжалик институти доценти, ф.-м.ф.н., доц. К.Атабаевлар   ҳам қатнашдилар.

Бу институтда учрашувни иқтидорли талабалар томонидан яратилган  инновацион янгиликлар, яъни янги жиҳоз, ускуна ва ҳар хил асбоблар билан танишишдан бошладик. Институтнинг илмий ишлар бўйича  проректори  Б.Мамажонов  ва ихтирочи ёшлар ўзлари  яратган бу янгиликларни бизга кўрсатиб,  бу яратилган янгиликлар  ҳақида ғурур билан гапириб беришди. Янгиликлар билан танишганимиздан сўнг институтнинг илмий ишлар бўйича  проректори  Б.Мамажонов институтда  ташкил қилинган лабораторияларни бири билан, яъни, физика фани бўйича ташкил қилинган лабораторияга таклиф қилди.

Учрашувни институт  проректори  Б.Мамажонов   кириш сўзи билан  очиб,  академик М.Мирсаидовга сўз берди. М.Мирсаидов ўз сўзида юртбошимизнинг фанда эришилган ютуқларнинг амалиётга тадбиқ қилинишига катта эътибор бераётганликларини, юқори натижаларга эришган илмий ходимлар албатта келгусида тақдирланишини,  ҳозирги кунда Президентимиз томонидан тўла имконият яратилаётганлигини айтиб ўтди. Ҳурматли Президентимиз илмдаги энг катта илмий натижаларни илмий тадқиқот ва олий ўқув юртларида ишлаётган  ёшлардан кутаётганлигини ва бу бажарилаётган илмий ишлар,  инновация ғоялари, янги технологиялар ва уларнинг тадбиғи билан якунланиши ҳақида ҳам М.Мирсаидов гапириб ўтди. Шу билан бирга М.Мирсаидов ўз сўзида илмда юқори натижаларга эришиш   учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари  ва ҳар томонлама етук мутахассис бўлиш учун эса чет тилларини яхши билиши  ва  китобларни  кўп ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади. М.Мирсаидов Фанлар академияси институтларининг қайта тикланиши, Фанлар академияси ва сайлов низомлари ўзгартирилиб, демократлаштирилганлиги ва  бу галдаги академикликка сайлов объектив ва шаффоф ўтганлиги ҳақида  ҳам  айтиб ўтди.

Ёшларимиз ҳам мукаммал билимлар олиб, ишлаб чиқаришда ва илм даргоҳларида астойдил меҳнат қилсалар келгусида бундан ҳам улуғ натижаларга эришиш имкониятлари мавжудлиги ҳақида гапириб, бугунги кунда илмий ходимларга Давлатимиз томонидан бўлаётган эътиборни,  Президентимизнинг  5-апрель 2018 йилдаги маошларни ошириш тўғрисидаги қарори ва Фанлар академиясининг ўсимликлар кимёси институтидаги учрашувлари тўла тасдиқлашини айтиб ўтди.  

Ҳозирги кунда бу институтда  давлатимиз томонидан қўйилаётган долзарб муаммоларни ечиш учун  етарли шароит борлигини, яъни  биз ҳозиргина кўрган ёшлар томонидан бажарган илмий ишланмалар ва институт  лабораторияларининг жиҳозланганлиги кўрсатиб турипти деб таъкидлади М.Мирсаидов. Ёшлар ва университет ходимлари  М.Мирсаидовга кўп саволлар бердилар. Бу  саволларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат бўлди:

Охирги даврларда механика ва физика фанида қандай ютуқларга эришилди, бизнинг физикларимизнинг қилинган илмий ишлари жаҳонда тан олинганми,  сизнинг илмий  ишингизнинг моҳияти нимадан иборат, илмий ишларингизнинг физика ва математика фанлари билан қандай боғланган жойлари бор, Ўзбекистонда атом электр станцияси қаерда қурилади, шу станцияни бизда қуриш шартми, энергия олиш учун шамолдан фойдалансак бўлмайдими, автомобилларни қуёш энергиясидан фойдаланиб юрғизиш учун Ўзбекистонда  илмий ишлар бажариляптими, келгусида чет элларга бориб ўз билимимизни чуқурлаштиришимиз учун нима қилишимиз керак, сув танқислиги муаммоси бизнинг давлатимизда ечилиши учун қандай ишлар олиб борилаяпти  деган ва бошқа фаннинг бир қанча соҳаларига тегишли саволарни бердилар.

Сизни Президентимиз академик қилиб сайлади, сиз бу ютуқларга қандай эришганлигингиз ҳақида гапириб берсангиз деган ва  бошқа бир қанча шунга ўхшаш саволлар  ҳам берилди. Берилган барча саволларга М.Мирсаидов  тўлиқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилди. Институт ходимлари ва иқтидорли ёшлари илм-фанга катта эътибор қаратаётганлиги учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Хайрлашув олдидан эсдалик учун учрашувда қатнашган барча ёшлар ва  институт  ходимлари билан расмга тушилди.