"Мелиоратор" тўгараги

"Ирригация ва мелиорация" кафедраси қошидаги “Мелиоратор” тўгараги фаолияти доирасида кафедра ўқитувчиси - тўгарак раҳбари Юлчиев Д.Г. тўгаракнинг фаол талабалари билан биргаликда яна бир ташриф уюштирдилар.  Бу галги ташриф Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги “Дурдона сифат люкс” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида помидор етиштираётган иссиқхона фаолияти билан танишишга қаратилди. Мамлакатимизда барча соҳалардаги каби, қишлоқ хўжалигида ҳам илғор технологияларни, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этишда кенг имкониятлар яратилмоқда. Қишлоқ хўжалигида сўнгги йилларнинг илғор кашфиёти сифатида Гидропоника типидаги иссиқхоналарни келтиришимиз  мумкин.

“Дурдона сифат люкс” МЧЖ томонидан ўтган йили 2 гектар майдонда иссиқхона барпо этилиб, Жанубий Кореянинг “Майсон плакон” компанияси инновацион технологиялари асосида, яъни гидропоника усулида помидор кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган. Айни кунларда бу маҳсулотлар гидропоника усулида, яъни кокос пўстлоғида етиштирилмоқда. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Гидропоника – бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотларини етиштириш, минглаб иш ўринларини яратиш имконини бермоқда. Гидропоника типидаги иссиқхонанинг яна бир афзаллиги шундаки, махсус унумдор ерга зарурат йўқ. Тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Жойдан максимал даражада фойдаланиш имконияти мавжуд. Маҳсулот етиштириш учун сарфланган энергия ресурслари анча арзон. Тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Ёритиш ва суғориш учун махсус қуёш панелларидан фойдаланиш мумкин.

Хўжалик  раҳбарининг таъкидлашича, оддий усулда  етиштирилаётган помидор кўчатларидан 2,5-3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10-12 килограммгача етади. Экинларнинг пишиб етилиши 20-30 кунга қисқариб, ҳосил олиш даври 50-60 кунга узаяди.

Ҳозирги кунда хўжаликда маҳсулотни халқаро андозалар талаблари даражасида қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Ташриф мобайнида талабалар гидропоника усули ёрдамида помидор кўчатларини етиштириш ва уларни суғориш технологиялари билан танишишди ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга хўжалик раҳбаридан жавоб олишди.

Бу каби ташрифлар таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаган ҳолда, талабаларни келажакда соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.

                          "Ирригация ва мелиорация" кафедраси ўқитувчиси Юлчиев Давронбек ахбороти

                                                      Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов