Талабаларни бирлаштирувчи механизм

Бугунги глобаллашув даврида талаба ёшларнинг таълим ва тарбиясига эътибор ҳар қачонгидан ҳам зиёда бўлаётгани сир эмас. Чунки Республикамиздаги аҳолининг 65 фоизини ёшлар ташкил этишининг ўзиёқ уларнинг интеллектуал салоҳиятига эътибор зарурлигини англатибгина қолмай, балки бу ватан равнақи ва юрт осойишталигига дахлдор масаладир.

“Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг моҳияти ёшларнинг билим даражаси ва савиясини юксалтириш билан боғлиқ механизмларни такомиллаштиришдир. Улар қанчалик замонавий ҳамда кенг қамровли билимга эга бўлишса, ватанимиз шу даражада юксалади, янги фикр ва янги ғоя тараққиётимизга замин ҳозирлайди.

Ана шу улуғвор мақсадни назарда тутган ҳолда, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти илм-у маърифатни сингдиришнинг қизиқарли ва таъсирчан механизмини оммалаштиришни мақсад қилган ҳолда, хайрли ва маърифий ишга қўл уришди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ёшларнинг интеллектуал қобилиятини синаш ва оширишга қаратилган “IQ-SHOU” интеллектуал-мусобақавий лойиҳани тайёрлашди. Куни кеча унинг институтимиз факултетлари орасидаги иккинчи сони бўлиб ўтди.

Унда бу гал “Иқтисодиёт ва менежмент” факультетининг “Гениус”, “Перрфект” ва “Ердан фойдаланиш ва ер кадастри” факультетининг “Геостарт”  жамоалари ўзаро куч синашди.  Интеллектуал ўйинда асосан талабаларнинг топқирлиги, тезкорлиги бутун мухлисларга манзур ва мақбул бўлди. Ниҳоят  интилганга толе ёр доим билимга чанқоқ “Геостарт”  жамоаси билимдонликда пешқадамликни қўлга киритди ва кейинги босқичга ўтди.

Мусобақавий жараёнда мусиқий боғланишларни ҳар бир ҳаракатга мос ҳолда мусиқий безак беришда айниқса, Ҳамза Абдуллаевнинг хизматлари катта бўлди.

Ғолиб жамоанинг аъзолари таркиби қуйигагича: Гуруҳ сардори - Аманқулова Ҳилола - 4 курс, гуруҳ аъзолари - Садуллаев Санжар - 4-курс, Жуманазаров Олимжон - 4-курс, Норбоева Дилшода - 2-курс, Ҳамидуллаев Шоҳжаҳон - 2-курс.

Тадбир ниҳоясида институт хотин-қизлар қўмитаси раисаси Зулфия Ҳафизова ғолибларни самимий табриклади ва кейинг босқичларда ҳам омад ва зафарлар ёр бўлишини тилади.

Дастурнинг қизиқарли тарзда ўтишида Ёшлар иттифоқининг институт бошланғич ташкилоти аъзолари ўзларининг фаоллиги билан  муносиб ҳиссаларини қўшишди.

Сўнгра фаол иштирокчилар ва ғолиблар институт касаба қўмитаси томонидан қўйилган совғалар билан рағбатлантирилди. Айни пайтда “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси томонидан тайёрланган аудио ва видео мултимедиа иловалари ҳамда турли хил мавзудаги илмий-публитсистик ҳамда бадиий адабиётлар  ҳам уларга улашилди.

Тадбир жўшқин, қизиқарли тарзда ўтгани ҳамда юқори савияда ташкил этилгани билан характерланиб турганлигини таъкидлаш жоиз.

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ва Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси Акмал Бертдимуродов ахбороти,

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.