Мозий сари музейдан

2018 йил 27-феврал куни ТИҚХММИ “Гидромелиорация” факультети “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси катта ўқитувчиси Д.Мадазизова ўзининг  112б мураббийлик гуруҳи билан “ТЕМУРИЙЛАР ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИ”га саёҳат уюштиришди.

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур барпо этган буюк давлатнинг инсоният цивилизациясида тутган ўрни беқиёсдир.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов иборалари билан айтганда, «Буюк стратег, моҳир сиёсатчи, савдо сотиқ, ҳунармандчилик ва маданиятнинг ҳомийси бўлган Амир Темур, қонунлар ва урф-одатларга асосланган давлат барпо этган». Шунингдек, «Амир Темур давлати қурилиши, ҳарбий санъати кўп асрлар давомида Шарқу Ғарб давлатларига ўрнак ва андоза бўлди».

Музей биноси ўзида Темурийлар даври ва замонавий меъморчилик санъати услубларини мужассамлаштирган. Бино Амир Темур давридаги саройлар кўринишида қурилган бўлиб, унинг ўзи бир музейдир.

Талабалар музей хазинасида Ўзбекистон тарихини, Амир Темур ва темурийлар даври тарихини акс эттирувчи ашёлар сақланиб келинаётганининг гувоҳи бўлишди. Булар – Амир Темур ва Темурийлар даври тарихига оид қўлёзмалар, ёзишмалар, олтин, кумуш ва мис тангалар, сопол, бронза ва мис буюмлар, меъморий қопламалар, этнографик буюмлар, ўша давр заргарлик буюмлари намуналари, шунингдек, Гўр Амир мақбарасидан, Бибихоним масжидидан топилган ашёлар ва ҳ.к.

  

Ҳозирги кунда музей экспозициясидан 1000 дан ортиқ экспонат жой олгани талабалар қалбида ўзгача ғурур уйғотди.

Музейга ташриф жуда қизиқарли ва сермазмун ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олдилар.

 

 

112 “б” гуруҳ мураббийси Дилфуза Мадазизова ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов