Муқаддас хотира
Инсоннинг азиз ва хотиранинг муқаддаслигини билган халқ эл-юрти учун тинчлик ёки уруш шароитида жонбозлик ва матонат кўрсатган қаҳрамонларини асло унутмайди. Ана шу муборак сана - “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган тадбирлар барча идора ва муассасаларда, турли ташкилот ва таълим муассасаларида ўтказиб келинмоқда.
Институтимизда куни кеча ўтказилган тадбир иштирокчиларга, уруш фахрийларига олам-олам қувонч бахш этди. Тадбирни очиш учун сўз институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевичга берилди. Улар ўзларининг табрик нутқларида жумладан ушбу мулоҳазаларни билдириб ўтдилар.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги пқ-3667-сон қарори асосида бу йил байрам тадбирлари мамлакатимизда «Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас», “Мардлик, бурч ва садоқат” шиорлари остида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ, ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 73 йиллигини нишонланиши муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур фармонга мувофиқ барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда уруш қатнашчилари ва ногиронларига эсдалик соатлари ва 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, уларга кузатувчилари билан биргаликда жанг қилган мамлакатларига бепул саёҳатга бориши, Кисловодск, Сочи, Ялта шаҳарларидаги санаторийларда ва Ўзбекистоннинг хоҳлаган санаторийларида бепул даволанишлари ташкил этилди.
Юртимизда муқаддас хотира ва қадрлаш куни деб ном олган бу қутлуғ байрам билан аввало бугун сафимизда cоғ-саломат ҳаёт кечираётган уруш қатнашчиларини, нуроний отахонларимизни, барча-барчасини жумладан, бугун бу ерда иштирок этаётган уларнинг вакилларини чин қалбимдан самимий табриклайман.
Хотира ва қадрлаш тушунчалари асл миллий қадриятларимизга жавоб бериб, ота - боболаримиз-дан қолган ҳам диний, ҳам инсоний урф-одатимиздир.
Уруш арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган. Яъни, ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларида қатнашган. Ва бу даҳшатли урушда қарийб 500 минг юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи ҳалок бўлган, нобуд бўлган, албатта, ҳаммамиз яхши тушунамиз, шунча қурбон ва йўқотишларни халқимиз ватанини фашизм балосидан, фашизм қуллигидан сақлаб қолиш учун берган қурбонлигидир.
Шунингдек, урушнинг бошланишида институтда 59 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатган бўлса, уларнинг 20 нафари урушга кетган.
1941-1942 ўқув йилда талабалар сони 380 нафарни ташкил этган бўлса, улардан 152 нафари, 1943 йилнинг бошида яна 108 нафар талабалар ватан ҳимояси учун урушга кетганлар. Уларнинг барчаси орден ва медаллар билан тақдирланган. Жумладан, қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети 4 курс талабаси Виктор Малясов Қизил Юлдуз ордени, Александр Невский ордени билан тақдирланиб Совет иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.
Ишончимиз комилки, бизнинг ота-боболаримиз суронли уруш майдонларида, авваламбор ўз ватани ота-онаси, болалари, севимли ёри учун, уларнинг келажаги ва тинч ҳаёти учун жон фидо қилган.
Юртимизда ҳукм сураётган, энг катта бойлигимиз бўлмиш тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраш, узоқ ва яқин қўшнилар билан тил топиб, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш вазифаси бу борада ўта муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу мақсадга эришиш йўлида ватанимизнинг эртанги куни, келажаги бўлмиш, бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлган ёш авлодни тарбиялаш, фарзандларимизга замонавий билим бериш ва уларни ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айлантириш энг устувор вазифамиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз даркор.
Бугун нишонлаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир. Айни шу кунда мен эл-юртимиз билан бирга бўлиб, шу куннинг ҳам хурсандчилигини, барҳам кўраётган тадбиримизда иштирок этаётган, муҳтарам фахрийларимиз 2-жаҳон уруши қатнашчиси, генерал-майор Абдуллажон Артиқбоев, 2-жаҳон уруши қатнашчиси, кўплаб қурол аслаҳа етказиб берган Эрик Харасович Мусинларни бағримга босиб, яна ва яна бир бор шу тарихий сана билан табриклайман. яратганнинг ўзидан сизларга соғлиқ-омонлик тилайман, хамиша юзингиздан нур таралиб туришини тилайман.”
Ректоримизнинг юқоридаги мулоҳазалари байрам тадбирига алоҳида хушнудлик бахш этди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов