МУРОЖААТНИ ТИНГЛАБ 

Ҳар қандай мурожаат муносабатни кутади. Айтилган сўз, фикр, ғоя амалга ошиши билан натижалар юзага чиқади. Бу эса халқнинг фаровонлиги, мамлакатнинг тараққиёти билан боғланган ҳолда ўз самарасини беради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга, Олий мажлисга мурожаатини тинглаш асносида баъзи мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик. Халқ, ватан тушунчалари ҳар бир давлат раҳбарининг жон ва қон томири десак, муболаға бўлмайди. Чунки, халқ ишончи ва эҳтироми унинг учун муқаддас. Худди шу йўлда ўз халқини рози қилишни фаолиятининг мезонига айлантиради. Ҳақ розилигини халқ розилигидан топишни ният қилади.  Ана шу мақсадларни амалга оширишда иккита тушунча муҳим эканлиги мурожаатномада ўз аксини топди. Бу бебаҳо неъматларнинг бири тинчлик, иккинчиси соғликдир. Юрти тинч, халқи соғлом бўлган давлат доим қудратлидир. Шунинг учун ҳам халқ тинчлиги ва осойишталиги, давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида.

Миллат танламас иллатлар бутун дунёга қутқу солиши хавф туғдириши мумкин. Бундай иллатлардан бири диний экстремизм ва терроризмдир. Шунинг учун ҳам Президент БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида олий минбардан туриб тинчликка хавф туғдирувчи кучлар борасида сўз юритиб бутун дунё мамлакатларини огоҳликка чорлаган эдилар. Тинчлик учун толмас курашчи сифатида жаҳон аҳли эътиборига тушган Президент ўз мурожаатида ҳам юрт тинчлиги учун, ҳар қандай жиноятларни жиловлаш учун барча чора-тадбирлар кўриш заруратини билдирдилар. Улуғ аждодларимизнинг меросига ихлоси юқори бўлган Президентимиз Имом Бухорийнинг амаллар ниятларга яраша бўлиши ҳақидаги фикри билан ўз маърузаларини бошладилар. Ният хайр - оқибат хайр деган ҳикмат бежиз эмас. Ҳаракатларимизнинг барчаси халқимизнинг янада фаровон бўлиши, давлатимизнинг дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига олиб чиқишдек хайрли ният билан боғлиқ. Президентимизнинг хорижга қилган 18 та ташрифи давомида ҳам ана шу мақсадларнинг самарали, амалий ифодасини кўриш мумкин. Узоқни кўзлаб, истиқболли режаларни белгилаб иш тутиш, албатта инвестицияни талаб этиши аниқ. Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда иш тутилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Маълумки, бугунги кунда ҳар қандай давлат жаҳон тажрибаларини ўрганмасдан, дунёдаги етакчи давлатларнинг илм, фан ва техника соҳасида эришган ютуқларини қабул қилмасдан туриб ривожланиш бўлмайди. Иқтисодиётининг келгуси ривожи асосан инвестицияларга боғлиқлигини деярли ҳар бир мутахассис ҳамда хўжалик юритувчи субъект яхши англаши сир эмас.

Шунга кўра, ҳозирги кунда республикамиз иқтисодиётига инвестицияларни, хусусан, хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш, уларнинг мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарали ижросини таъминлашнинг муҳим асосига айлангани билан боғлиқлигини тушуниб олиш қийин эмас. Мамлакатни ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ривожланишида инвестицияларнинг, жумладан, хорижий инвестицияларнинг аҳамияти чексиз.

“Инвестиция” лотин тилидаги “invest” сўзидан келиб чиққан бўлиб “қўйиш”, “маблағни сафарбар этиш”, “капитал қўйилмаси” маъноларини билдиради. Кенг маънода инвестиция маблағни кўпайтириб ва қайтариб олиш мақсадида капитални сафарбар этишни англатади. Хорижий давлатлар, корпорациялар билан инвестиция борасидаги ҳамкорлик шунчаки хўжакўрсинга эмас, балки манфаатли, самарали мақсадлар заминига қурилиши учун астойдил интилиш, саъйи ҳаракат талаб этилади. Фаол инвестициянинг мазмун-моҳияти ҳам шунда, аслида. Фаолиятнинг икки қаноти бор. Бири ташаббускорлик, иккинчиси ташкилотчилик. Ҳар қандай ташаббус ташкилотчиликка йўғрилмаса, унинг қиймати йўқ. Фаоллик ўзни қийнаш, изланиш ва интилиш билан боғлиқ. Бу эса барча ютуқларнинг гаровидир. Президент йирик мутасаввуф шайх Нажмиддин Кубронинг худди шу борадаги ҳикматларини келтиришлари бежиз эмас. "Муваффақиятни саъйи ҳаракатда, муваффақиятсизликни лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим". Бу оғир, лекин муваффақиятли йўл эканини уқтириш зайлида Президент тараққиётимиз мезони фаол инвестицияларга боғлиқ экани, бу жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасида аллақачон синашта бўлганини эътироф этдилар. Янги технологиялар олиб кириш, ундан унумли фойдалана олиш самарали айни пайтда машаққатли йўл. АҚШ ва Хитой бу борада анча илгарилаб кетган, ҳозирда ҳам инвестицион фаолиятни қўлдан чиқазмаганлиги бунинг ёрқин гувоҳидир. Инвесторлар ҳам анойи эмас, улар ўзларига давлат корхоналаридан кўра, хусусий партнёрларни излайди. Ўзига фойдали, самара берадиган, манфаат етказадиган ҳамкорлар билан иш тутади, пул тикади.

Жаҳон бозорига чиқиш зарурлигини даврнинг ўзи талаб этаяпти. Ривожланган давлатларнинг характерли жиҳати шундаки, улар экспортбоп маҳсулотлари билан дунё бозорида етакчилик қилиб келади. Худди шу маънода, Президентимиз қатъий равишда ушбу талабни қўйдилар. "Экспорт билан шуғулланмаган корхонанинг келажаги йўқ, рақобатбардош маҳсулотларни чиқариш керак." Бу эса саноатнинг ривожланишини таъминлайди, айни пайтда ишчи ўринлар кўпайиши ва аҳолининг иш билан бандлиги масаласи учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очади. Немис мутафаккири Гёте "Қонун кучли, муҳтожлик ундан ҳам кучлироқдир," - деган эди. Дарҳақиқат, муҳтожлик бу эҳтиёжмандлик демакдир. Эҳтиёж эса бу манфаатни қоплашдир. Шунинг учун ҳам Асосий қонунимизда "Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун",-деган ғоя бежиз акс этмаган. 

Инсон табиатан нимадандир наф кўриш орқали ҳузурланади, фойда олиб завқланади. Бу эса унинг кучига куч қўшади, улуғ мақсадлар сари интилишга чоғлайди, изланишга чорлайди. Шундай экан, оила, жамият, давлат ҳам манфаатлар замирига қурилади. Президент бу масалада ҳам оқилона мулоҳазаларини билдирдилар. "Манфаат бўлмаса, натижа бўлмайди". Демак, эртанги куннинг асоси манфаатдорлик билан изоҳланишини қайта уқтирдилар. Қишлоқ ва сув хўжалиги жабҳасида ердан самарали фойдаланиш технологияларини қўллаш, томчилаб суғориш масаласини жиддий ўйлаб кўриш, кенг жорий этиш, бу эса ҳосилдорлик масаласининг муҳим омили эканлигини уқтирдилар. Бу борада ўз кучимизга ва ўз ақлимизга таяниб иш тутишимиз, ҳеч ким четдан келиб бизга ҳеч нарса қилиб бермаслигини ҳис этишимиз мақсадга мувофиқ.

Инсон омили масаласи ҳаракатларимизнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Инсон ўзгармаса жамият ўзгармаслиги аён ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Президентимиз инсонни камолотга етказувчи куч маърифат ва маънавият эканини алоҳида уқтириб, 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган пайтда болаларимиз таълими ва тарбиясига алоҳида сармоя сарфлаш лозимлигини таъкидладилар. Бу борада хусусий ва нодавлат таълим муассасаларига ҳам эътиборни қаратиш, уларнинг сонини кўпайтириш ва сифатини кучайтириш керак. Халққа қанчалик яқинлашсак, уларнинг тузум ва тизимга ишончи мустаҳкамланади ва келажакка дадил қадам ташлаш имконияти туғилади.Тўғри, маълум муддат халқ билан орамиздаги катта масофа пайдо бўлди, эндиликда уни қисқартириш керак, қабулхоналарда арзларини тинглашдан уларнинг хонадонларига юриш, яшаш шароитлари билан танишиш кераклигини Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Инсон онги ва тафаккурини ўзгартирмасдан туриб кўзланган мақсадларга эришиш мушкул. Бунинг учун миллий ғояни омма онгига сингдиришнинг таъсирчан механизмини ишлаш, гуманитар соҳани ривожлантириш зарур. Худди шу маънавий эҳтиёж юртимиз тарихига, ўтмиш маданий меросимизга қизиқиш ва меҳрни уйғотиш зарурияти билан боғлиқ. Ана шу боис давлатими раҳбари Ўзбекистон тарихи миллий телеканалини ташкил этиш таклифини киритдилар. Ҳар бир инсонда ўз касби, соҳаси ва салоҳияти нуқтаи назаридан тинимсиз изланиш, ҳаракат, масъулият ҳисси ва мажбурият бурчини англаш туйғуси бўлиши керак. Ўзни қийнаш ибораси ҳам фаолиятнинг кенгқамровли бўлишини тақозо этади. Инсон тафаккури улуғ ишларга қодир. Янги фикр янги ғояга дўнади уни оммалаштириш ёйиш, тарғиб қилиш учун сўз аталмиш илоҳий неъмат ўз кучини кўрсатади. Ана шундан кейингина унинг натижаси амалиётда рўёбини намойиш этади. Бу эса натижа ва самарага мезондир. Узоқ ўтмишимизнинг маданий маёғи, мозий машъали бўлган "Авесто"да эзгуликка йўғрилган ишлар хайрлик ва манфаат келтириши борасида сўз кетади. Бу эса юқоридаги фикрларнинг жамланмаси сифатида "Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал" ғоясига келиб бирлашади. Фикрнинг либоси сўз, унинг жилоси эса амал биландир. Ана шу уч бирлик инсоннинг хулқий ва нутқий маданиятига бориб боғланади. Бунинг таг заминида комил инсон концепцияси, қолаверса, баркамол авлод ғояси ётади. Инсоннинг мақсади, умр мазмуни, фаолияти масаласи борасида кўп ва хўб ёзилган.

Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятини бошлаш пайтларида чоп этилган рисоласининг номидаёқ инсон мақсадларининг юзага чиқиши, жамиятнинг ривожланиши ва фаолият мезонларини белгилаб бергандилар. "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" деб номланган рисоласида юқоридаги масалаларга муносабатларини билдириб ўтгандилар. Бу борада назорат тизимининг муҳим таъсирчан шаклларини ўйлаб топиш муҳим. Шундагина жамият тартибли ва тизимли тарзда ривожланади.

Давлат органларига ходимлар қабул қилиш, кадрлар сиёсати масаласида ҳам муаммоларимиз кўплигини таъкидлаб ўтдилар. Яхши мутахассисгина ишнинг кўзини билади, тўғри ва ижобий ҳал этади.  Стратегик таҳлил, ташаббускорлик ва ташкилотчилик бор жойдагинаривожланиш бўлади. Афсуски, юқоридан буйруқ ёки топшириқни кутиб ўтириш майлидан ҳанузгача қутулганимиз йўқ. Юқоридан пастга эмас, балки пастдан юқорига томон бориб муаммолар ҳал этилиши, қарорлар ишлаб чиқилиши таъкидланди. Эркин фикр бўлмаса, ташаббус ҳам, ғоя ҳам бўлмайди. Инновацион ихтиролар ижодий изланиш ва эркин фикрнинг маҳсули. Президент мисол сифатида Сурхондарёда қамишдан ДСП тайёрлаш йўлга қўйилганини эътироф этди. Нега шу ишни қанчадан - қанча қамишзорлари бор бўлган Қорақалпоғистон ҳудудида амалга оширмаслик керак дея ўринли танбеҳ бердилар.

Ҳар бир ишларимизга, ҳаракатларимизга, чиқарган қарорларимизга ҳакам халқ ва вақт эканлигини унутмаслик фойдадан холи эмас. Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган янги корхоналарни барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш учун хорижий инвестицияларни жалб қилар эканмиз, бунинг учун аввало, аҳоли бандлиги, унинг иш ҳақи ва даромадларини ошириш каби энг муҳим ижтимоий муаммоларни ечиш,  хорижий инвестицияларни жалб этаётган корхоналарни иқтисодий рағбатлантириш ва уларга зарурий шароитларни яратиб бериш ҳам кундалик долзарб масалалардандир.

Шу соҳа бўйича мутахассислардан, тадқиқотчи олима Дилноза Аҳаедованинг интернет орқали берган маълумотларига таянган ҳолда, шуларни келтириш ўринлидир. Хорижий инвестицияларни жалб этмай, айниқса, етакчи тармоқларда чет эл инвестициялари иштирокини кенгайтирмай туриб, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва модернизациялаш, корхоналарни замонавий техника билан қайта жиҳозлаш ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин эмас. Юртимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларнинг жалб этилиши иқтисодий имкониятларнинг кенгайишини тезлаштириб, барча соҳаларда ички имконият ва резервларни ишга солишга ёрдам беради. Шунингдек, янги техника ва технологияларни, экспортбоп товарларни ўзлаштириш, уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали давлатимиз иқтисодий қудратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳақ гап. “Барчамиз оддий бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз даркор, – деган эди биринчи президентимиз, - инвестицияларсиз модернизация ҳам, янгиланиш ҳам бўлмайди.” Тўғри, юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан хорижий инвестицияга катта аҳамият берила бошланганди. Ҳатто, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам қабул қилинганди. Лекин афсуски, унинг ижроси борасида баъзи камчиликларга йўл қўйилди. Натижада бу масалага эътибор бир мунча сусайганди.

Эндиликда мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётида стратегик муҳим масала – инновацион ривожланишни жадаллаштириш, саноатчилар, олимлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини чет эллик иштирокчиларга намоён этиш орқали хорижий инвестицияларни жалб қилишни кўпайтириш масаласидир. Бу бизга порлоқ истиқболнинг, тараққиётнинг дарвозаларини кенг очишга хизмат қилиши тайин. Президентимизнинг Мурожаатномасини тинглар эканман, таъбир жоиз бўлса, уни шундай таърифлагим келади. Мурожаатнома -  фаровон ҳаётимиз учун йўлланма, юксак тараққиётимиз учун қўлланмадир.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Матбуот котиби, филология фанлари номзоди, Халқаро "Антик дунё" ва "Турон" фанлар академияларининг академиги Раҳимбой Жуманиёзов