Навоийни улуғлаб
2018 йил 7 февраль куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида Ахборот ресурс маркази ходими Дилфуза Собирова, талабалар турар жойи мудираси Дилфуза Аминова, тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар томонидан 9-февраль куни хазрати Алишер Навоийнинг таваллуди муносабати билан шеърият кечаси ўтказишди. Шунингдек, 2-босқич талабаси Қамариддин Абдуғаппоровнинг “Давосиз дардлар” деб номланган биринчи китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот давомида талабалар Қамариддин Абдуғаппоровга турлича саволлар бердилар. Талабалар тегишли жавобларни олишди. У “Умр” деган шеърини ўқиб берди. Бу шеърини ўқиб берганида талабаларнинг кўзларига ёш қалқди.
Тақдимот давомида талабаларимиз ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг шеърларидан ёддан ўқиб беришди ҳамда 4-босқич талабаси Элнур Мирзаев жонли ижрода қўшиқ айтиб талабаларимизнинг кайфиятини кўтарди.
Тадбир сўнгида Дилфуза Аминова, Дилфуза Собирова, Жавлонбек Қутлимуротовлар сўзга чиқиб Қамариддин Абдуғаппоровга келажакда ҳазрати Алишер Навоийнинг йўлларини тиладилар ҳамда талабаларига ота-оналарининг қадрига етишларини уқтирдилар.
Умр
Оила аъзоларим хотирасига
Юракнинг зорини сўйладим бугун,
Аё дўст, ҳеч қачон ғафлатда қолманг.
Армонларга тўла менинг ҳаётим,
Лекин армон билан ҳамсуҳбат бўлманг.
Ўчмас доғ қолди-ку, ғариб юракда,
Айтишни уддалай олмадим нолам.
Кўришни истайман, имкон йўқ, эрк йўқ,
Дунёга сиғмади мунисим, онам.
Кузда тўкканидек дарахт баргларин
Гулламай хазонга айланди умрим.
Дунёга сиғмоқда ғамим, андуҳим,
Водариғ, сиғмади меҳрибон опам.
Кўнглимни куйдирдинг, ёқдинг, кул қилдинг,
Сенга нечун керак икки қанотим.
Икки акам менинг икки минг оҳим
Сочларини ёяр фарёдим, додим.
Бошимни эгаман, қўлим ҳавода,
Ялиниб, ёлвордим бу тор оламга.
Изимда бу фалак йиғлаб югурар
Қандай чидай ахир, мунгли навога?!
Менинг азизларим, онажон, опам,
Иккита қанотим – иккала акам.
Изтиробнинг ҳам охири бор—ку,
Оғринар ортимда дунё бири кам.
4 –ТТЖ тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов