Наврўз - эзгу ниятлар нашидаси
Табиатнинг чинакам жонланиши юртимизда Наврўзи айём шукуҳи кезаётган айни дамда яққол намоён бўлади. Бу табиатнинг эврилишига боғлиқ бўлган иқлим билангина эмас, балки жамиятнинг руҳияти ва инсон кайфиятидаги тетиклик билан ҳам узвий алоқадордир. Табиат ва жамиятдан руҳ ва озиқ олган ҳар бир инсоннинг тетик бўлиши улуғ мақсадлар йўлида дадил қадам ташлашига, халқ манфаати ва розилиги учун камарбаста бўлиб хизмат қилишига имкон туғдиради.
Алломалардан бири "Пулингни йўқотсанг, ҳеч нарсангни йўқотмабсан, вақтингни йўқотсанг, маълум бир нарсаларингни йўқотибсан, аммо тетиклигингни йўқотсанг, барча нарсангни йўқотибсан" , - дейиши билан ҳақлидир. Тетик инсон барча кемтикни тўлдиради, у хайрли ишларга қобил ва қодир бўлади. Чунки, унинг нияти эзгу ишларга йўғрилган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи мурожаатномаларида улуғ аллома Имом Бухорийнинг "Жомеъ ус-саҳиҳ" тўпламидан қуйидаги ҳадисни келтирганлари ҳам бежиз эмас. "Амаллар ниятларга боғлиқ." Демак, яхши ишлар яхши ниятлар билан уйғун бўлади. Зероки, ният хайр - оқибат хайр. Кўтаринки кайфият, тетиклик ва бардамлик байрамона руҳиятдан бошланади. Ана шу маънавий-руҳий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, байрам баҳона институтимизда наврўз дастурхони ташкил этилди. Устоз ва шогирдлар, нуфузли меҳмонлар, халқимиз ардоғидаги таниқли санъаткорлар билан ўтказилган тадбирнинг байрам оши ҳам анча тотли бўлгани сир эмас.
30 март куни эрталабданоқ, институтимиз байрамона безаклар билан музайян қилинди. Анвойи гуллар, ҳар бир вилоятнинг урфига биноан тайёрланган тансиқ таом ва пишириқлари, ўзига хос айрам либослари кўзни қувнатиб, дилни яйратади.
Институтимиз ректори ўз жамоаси билан ҳар бир факультет талабалари томонидан тайёрланган байрамона дастурхон, мусиқий ҳамда мусобақавий дастурларни томоша қила туриб, талабаларнинг ижодкорлиги, санъаткорлик маҳоратидан қониқиш ҳосил қилдилар. Байрам билан талабаларни қизғин қутладилар.
Соат 13.00.да институтимиз бош биносининг олд томонида катта монитор ўрнатилган, анвойи гуллар ва бежирим безаклар билан ясатилган саҳнада концерт дастури бошланди. Таниқли ва машҳур санъаткорларнинг дилтортар куй ҳамда қўшиқлари даврага ажиб бир тароват ва фусункорлик бахш этди.
Ҳазрат Навоийнинг "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз" деган ҳикмати ҳам элдошларимизга табрик ўрнида қийматлидир. Маълумки, туннинг безаги ой, куннинг безаги қуёш бўлганидек, байрамларнинг ҳам шунга монанд зийнати бор. Навоий ҳақли таъкидлаганидек, тунги байрам безаги у - Қадр, рўзаи Рамазондаги 27 - кунига ўтар кечаси, яъни тақдир кечаси бўлса, кундузги байрам безаги бу Наврўз, яъни йилбошидир. Шундай экан, тун-у кунимиз тинч, халқимиз фаровон, элимиз ва еримиз тўкин-сочин бўлсин деб ният қиламиз.
Институтимиздаги ушбу байрамона дастурни, шубҳасизки, профессор-ўқитувчи ва талабаларга маънавий куч-қувват манбаи бўлди дейиш мумкин.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов