ТИҚХММИ Қарши филиалида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” тадбири
Жорий йилнинг 21-октябрь куни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан ТИҚХММИ Қарши филиали Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати билан ҳамкорликда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” номли байрам тадбири ўтказилди.
Асосий ғояни кенг кўламда ёрқин ва жозибали акс эттириш учун саҳна байрамона безатилди. Тадбирни Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори ўринбосари Ю.Камалова олиб борди. Тадбирда ТИҚХММИ Қарши филиали Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети декани доц. У.Қодиров, вилоят ҳокими маслаҳатчиси З. Аминова, маънавий-ахлоқий ва ёшлар масалалари бўйича мутахассис М. Панжиев, Республика маънавият маркази вилоят бўлими раҳбари Л.Саодатова, вилоят Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Ў.Ҳайдарлар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар ўзбек тили байрами билан барчани табриклаб, она тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг бой ва улуғвор имкониятларидан оқилона фойдаланиш асосий ва долзарб вазифа эканлигини таъкидладилар. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида ўтказилган ижодий ишлар танлови ғолиблари тақдирландилар. Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган адабий-бадиий, мусиқий композиция барчага катта таассурот қолдирди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати