“Испания ирригация ва мелиорация тарихи”

2020 йил 28 февраль куни Гидромелиоратив ишларни механизациялаш факультети таклифига биноан институтимизга ташриф буюрган Европанинг таниқли олими, Испаниянинг Барселона шаҳридаги Леида университети профессори Флосел Сабате Курулл “Испания ирригация ва мелиорация тарихи” мавзусида маъруза қилди.Флосел Сабате ўз маърузасида институтимиз талабаларига Испанияга арабларнинг бостириб кириши ва уларнинг у ердаги ҳукмронлик давридаги ирригация ва мелиорация соҳасининг ривожланиш ҳолатига тўхталиб ўтди. Араблар Испанияга келгандан кейин ирригация ва мелиорация соҳаларида муҳим ўзгаришлар юз берган. Улар дарё бўйларида турли мураккаб муҳандислик ечимига эга бўлган тўғонлар, сувларни сақлаш учун сардобалар ва ер ости коризларини барпо этишган. Уларнинг баъзилари бугунги кунда ҳам мавжуд ва ирригация соҳасида фойдаланилади.

Маърузада “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш”, “Гидромелиорация” ва “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” факультети талабалари фаол иштирок этишди ва маъруза мавзуси бўйича қатор саволларига жавоб олишди.

 

Тадбирда иштирок этган “Гуманитар фанлар” кафедрасининг мудири Ш.М.Ўлжаева маърузани тинглаб, бу каби иншоотларнинг мураккаб тизимлари Ўрта Осиё тарихида ҳам мавжуд бўлгани, ерости сизот сувларини йиғадиган ер ости каналлари қурилгани, чўл ҳудудларида сардобаларда доимий равишда сув бўлгани, улар бир йилгача ўз хусусиятини сақлаб тургани ҳақида маълумот бериб ўтди.

 

Гуманитар фанлар кафедраси мудири т.ф.д., профессор Ш.Ўлжаева маълумоти