Сардобаликлар – ТИҚХММИ сиз билан бирга!

Бугунги кунда жаҳонда юзага келган пандемия сабаб баъзи давлатларнинг етакчилари ўзларини изоляция қилиб олган бир пайтда сирдарёликлар бошига тушган синовли кунларда давлатимиз раҳбари халқ билан бирга бўлиб руҳини кўтармоқда. Бу вазият юртбошимизнинг элпарварлиги, миллат дарди билан яшашини яна бир исбот қилди. Ана шундай мураккаб вазиятда тошқин талофатлари қанчалик ачинарли бўлмасин, бутун Ўзбекистон халқи сирдарёликлар билан бирга эканлиги, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар, томонидан тошқиндан азият чекканлар учун жўнатилаётган меҳр-мурувват, инсонпарварлик карвонларининг кетма-кет жўнатилиб тургани, халқимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамлигидан далолат беради. Сардоба сув омборида юзага келган талофат ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Барча жараёнлар давлатимиз раҳбарининг назорати остида.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ҳам мазкур хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида тошқиндан азият чеккан юртдошларимиз билан бирга бўлиш, уларга ҳар томонлама маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор раҳбарлигида Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, “Гуманитар фанлар” кафедрасидан социолог мутахассислар, шунингдек, мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва докторантлардан ташкил топган ишчи гуруҳ вакилларидан иборат 12 нафар ходимлар  Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ҳамда Оқолтин туманларидан эвакуация қилиниб Сардоба туманидаги Пахтаобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ҳамда 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби, туман №1 ва №6 мактабгача таълим муассасалари ҳамда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Манас қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган №5 ва №12 сонли умумий ўрта таълим мактабларига жойлашган аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олишди.

 

Ишчи гуруҳ 3-4 май кунлари  аҳоли ўртасида мавжуд муаммолар ҳамда қийнаб келаётган саволларини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида анкета сўровнома асосида суҳбат ўтказилиб, сўровнома натижалари махсус интернет тизимида ташкил этилган базага киритилди. Суҳбатлардан маълум бўлдики, тошқиндан зарар кўрган аҳолининг кўнглида табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этишга бўлган ишонч таянч бўлаётгани сезилиб турибди. Сардобаликлар Президентимизнинг Сирдарёда эканлиги, “Шароит яхши бўлмагунча, бирорта раҳбар, мен бошчилигимда ҳеч қаёққа кетмайди”, деган қатъий ваъдасидан куч олиб яшаяпти. Азиз биродарларимиз! Қалбан сиз билан биргамиз! Сардобаликлар, сиз қуш учмас чўлни гулистонга айлантирган матонатли элнинг авлодисиз, демак яна тик оёққа туришингизга, талафотларнинг ўрнини тўлдириб, тўкис, бутун яшашингизга ўзингиз ишонгандек, биз ҳам ишонамиз!

Педагогика фанлари номзоди, доцент  Чориев Рўзимурат Кунгратович маълумоти.

ТИҚХММИ матбуот хизмати