Сертификациялаш ва синаш жараёни
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети “Машиналардан фойдаланиш ва таъмирлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда 5430100-“Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш” таълим йўналишининг 4-курс талабаларига 2018 йил 20 апрел куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалик техникаси ва технологияларини сертификациялаш ва синаш давлат маркази директор ўринбосари А.Й.Толибаев “Ўзбекистон қишлоқ хўжалик техникаси ва технологияларини сертификациялаш ва синаш давлат марказида қишлоқ хўжалик техникаси ва технологияларини сертификациялаш ва синаш жараёни тўғрисида” мавзусидаги муаммоли маърузаси бўйича қисқача маълумотни келтирамиз.
Муаммоли маъруза “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факултети аъзолари ва 5430100-“Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш” таълим йўналишининг 4-курс талабаларига мўлжалланган. Муаммоли маъруза материали 33 бетдан иборат электрон вариантда тақдим этилди. Маърузачи маърузанинг кириш қисмида марказ ташкил этилганлиги ҳақидаги хабарни бериб ўтди:
Ўрта Осиё машина синаш станцияси, (кейинчалик, Ўзбекистон машина синаш станцияси деб номланган) 1948 йилда Тошкент вилояти, Янгийўл туманида ташкил топган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 мартдаги №97 Қарорига асосан “Ўзагромашсервис” уюшмаси таркибидаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалик техникаси ва технологияларини сертификациялаш ва синаш давлат марказ (ЎзҚТТСДМ) деб қайта номланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 майдаги “Қишлоқ хўжалик техникаси ва технологиялари синовлари тизимларини янада такомиллаштириш” тўғрисидаги №ПҚ-1972 Қарорига асосан ЎзҚТТСДМ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилди.
Марказнинг асосий мақсади – республикамизда ва чет эл фирмалари томонидан ишлаб чиқарилаётган машиналарининг синовларини ўтказиш. Олинган натижалар ва ечимларни Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалигига тадбиқ этиш.
ЎзҚТТСДМнинг техник имкониятлари – чет эл техникаларидаги инновацион техник ечимларни баҳолаш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар учун тавсиялар бериш.
Мавжуд меъёрий ҳужжатларни инновацион техник ечимлар асосида янги синаш усулларини қўллаш орқали қайтадан ишлаб чиқиш. ЎзҚТТСДМни техникавий жиҳозлаш.
Марказнинг вазифалари ва функциялари таркиби шулардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг соҳа илмий – тадқиқот институтлари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаси, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялари синовларини ўтказиш соҳасида янги стандартлар, услубий ҳужжатлар ва тартиботларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларини қайта кўриб чиқиш;
сериялаб ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникасини, уларнинг агрегатлари ва узелларининг тажриба намуналари синовларини ўтказиш;
маҳсулот сифатининг барқарорлигини назорат қилиш ва уни ишлаб чиқаришни давом эттириш имкониятини аниқлаш мақсадида серияли ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаси синовларини ўтказиш;
Республикада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уни қўллаш самарадорлигини аниқлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникасининг, шу жумладан хорижда ишлаб чиқарилганларининг синовларини ўтказиш;
қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникасининг бошқа янги турларини қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялари синовларини ўтказиш;
чет эл ва мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаси тавсифларининг халқаро стандартларга ва норматив-техник ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида сертификатлаштириш синовларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиш.
Маърузачи шулар тўғрисидаги маълумотларни айтиб ўтди. Факультет, кафедра аъзолари ва талабалари муаммоли маърузани қизиқиш билан тингладилар ва ўзлари қизиқтирган саволларига жавобларни олиб, ўзаро фикр-мулоҳазаларни алмашдилар.
Маърузачи сўзининг якунида шубҳасизки, маҳаллий кадрлар етишида бугунги талабаларнинг масъулияти борасида ҳам сўз юритди. Талабаларга катта ютуқларга эришишларини тилаб ўтди.
Ўқилган мавзу бўйича барчада яхши таассурот қолдирди.
“Машиналардан фойдаланиш ва таъмирлаш” кафедраси ассистенти Носир Джураев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов