Шоиру шеъру шуур
2-ТТЖ да тарбиячи-педагог, психолог Сагдуллаева Дилором Мухиддиновна ташаббуслари билан ташкиллаштирилган ижодий кечада шоира Малика Салимова ва Холбиби Саъдиновалар иштирок этишди.
Даставвал, Дилором Мухиддиновна буюк ўзбек аёли шоира Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига тўхталиб ўтдилар.
Таниқли санъаткорларнинг қўқшиқларини севиб тинглаймиз-у лекин шеърларини ким ёзганлиги билан унчалик қизиқавермаймиз. Зулайҳо Бойхонова, Сардор Мамадалиев ва бошка санъаткорларга шеърлар ёзиб бериб улар ижодининг камолотига ўшз ҳиссасини қўшаётганлардан бирлари шоира опаларимиз Малика Салимовна ҳамда Холбиби Саъдиновалардир. Улар ўз ижодлари билан талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Талабалардан “ГИМ” факультети 109-гуруҳ талабаси Хурсандбек Махаммаджонов шеър ёзиб туришини ва келажакда китоб қилиб чоп этиш орзуси борлигини айтиб ўтди. Бу борада шоира опаларимиз керакли маслахат ва йўл-йўриқларини беришди.
Талабалар учун ушбу қизиқарли ижодий кеча байрам олди табриги бўлди десак, ўринлидир.
Талабалар ҳам Малика ва Холбиби опаларга тез-тез ташриф буюришларини тилаб қолишди. Унда ГИМ, ГТС факультети талабалари ташрифлари учун ҳар иккала шоирга ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Талабаларга миллий руҳ ва ифтихор туйғуларини бахш этгани боис Малика Салимованинг ушбу шеърини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
ЎЗБЕКЛАРИМ
Осмон илмин ҳали олам билмай туриб,
Фазоларга ҳеч ким нарвон илмай туриб,
Ҳасталарга шифо айтган кўрмай туриб,
Тожмаҳаллар қуриб кетган Ўзбекларим.
Ўн бир ёшда ўттиз пора қуръон ўқиб,
Шоирлари тушларида шеърлар тўқиб,
Ўзи емай боласини болда боқиб,
Оналарин Ҳажга элтган Ўзбекларим!
Битта михсиз миноралар қуриб қўйган,
Фарҳодлари сувни ортга буриб қўйган,
Керак бўлса тоғларни ҳам суриб қўйган,
Елкалари ерга тегмас Ўзбекларим!
Зулм келса, дод дейишни ор деб билган,
Давлат эмас, ибодатни кор деб билган,
Яхши кунлар сабрдан сўнг бор деб билган.
Ҳурлигини узоқ кутган Ўзбекларим!
Меҳнатини ор билмаган Ўзбекларим,
Кулбасини тор билмаган Ўзбекларим,
Бегонага битта нигоҳ инъом этган,
Аёлини ёр билмаган Ўзбекларим.
Шукронани шиор қилган Ўзбекларим,
Муносибни сардор қилган Ўзбекларим,
Молу-давлат ҳасратида куйгани йўқ.
Тинч яшашни қарор қилган Ўзбекларим.
Душман кирса, қадамини йириб қўйган,
Бир тўй қилса қирқта қўйни сўйиб қўйган,
Тоғдан балан хирмонларни уйиб қўйган,
Кетмон билан элни боққан Ўзбекларим!
Қозонидан қўшнига ош олиб қўйган,
Эшигига чориғини илиб қўйган,
Уй тўрини қалдирғочга бериб қўйган,
Ҳотамтой деб довруғ олган Ўзбекларим!
Харитада йўқсиз деган кўрсин энди,
Ўзбекларим кўкрак кериб юрсин энди.
Кундан - кун кўп яхши кунлар бўлсин энди.
Ўзбекларим менинг жондек Ўзбекларим!
“ГИМ” факультети 109-гурух талабаси Махаммаджонов Хурсанбек ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов