Испания делегациясининг ташрифи
Ҳар қандай тараққиётнинг заминида бевосита ҳамкорликнинг натижаси, ҳамжиҳатликнинг самараси ётади.
Испания делегациясининг Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ташрифида ҳам ана шу мақсаднинг ифодасини кўриш мумкин.
2019 йилнинг 8 май куни Испаниянинг Кастилья Ла-Манча (UCLM) университети халқаро ҳамкорлик алоқалари бўйича проректори, профессор Фатима Гуадамис Гомес (Fatima Guadamillas Gomes), кадрлар масаласи бўйича директор Йорди Кимено (Jordi Gimeno Bevia) ва “АLEX-YASIN” экологик ташкилоти директори Алехандро Пастраналарнинг ТИҚХММИга ташрифи истиқболдаги режаларни белгилаш билан боғлиқ жараёнда аҳамиятлидир.
Ташриф давомида хорижлик мутахассислар институтимизнинг эътиборга сазовор жойлари, аудитория ва лабораторияларига кириб амалий ва назарий жараённинг уйғунлиги билан қизиқишди. Сўнгра ректоримиз, профессор Ў. Умурзаков иштирокида ТИҚХММИ билан Кастилья Ла-Манча (UCLM) университети ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Институтимизда хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик мунтазам тарзда амалга ошириб келинаётганининг ҳам гувоҳи бўлишди. Ректор хорижий таълим муассасалари билан халқаро магистратура таълим тизими йўлга қўйилганини эътироф эта туриб, яқинда Марказий Осиёда биринчи бўлиб институтимизда Халқаро докторантурани ташкил этилаётгани хусусида ҳам маълумот бериб ўтдилар.
Хорижлик мутахассисларнинг юртимизга ташрифи Самарқанддан бошлангани бежиз эмас. Улар тарихий шаҳардаги қадамжоларни зиёрат қилишлари баробарида Соҳибқирон Амир Темур даврида XV аср бошида Испания қироли Генрих III де Трастамара номидан 1404 йили Самарқандга Амир Темур ҳузурига элчи бўлиб келган Руи Гонсалес де Клавихо ҳақида ўқигани, испания элчисини қизиқтирган жойларни зиёрат қилишни кўнгилга тугганлари борасида сўзлади.
Клавихо Самарқанд атрофида Амир Темур барпо қилдирган кўплаб боғларни кўриб ҳайратга тушган: “Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” китобида "Шаҳар атрофида боғлар ва узумзорлар шунчалик кўпки, у ерга етиб келган киши гўёки ўртасида шаҳар жойлашган баланд дарахтлар ўсиб ётган бир ўрмонга яқинлашгандай бўлади, улар баъзи жойларда бир-икки лига (5-10 километр) масофагача ястанган". Испан сайёҳи яна Амир Темур катта майдонларда махсус узумзорлар барпо этганини, шаҳар ва боғлар орқали жуда кўп ариқлар ўтказганини ҳам ўз битикларида қолдирган.
Испаниялик мутахассисларнинг юртимизга илк ташрифи уларни қувонтиргани ҳақида гапирди. Айни пайтда улар фаолият юритаётган университет ҳақида мухтасар маълумот бериш ҳам ўринлидир.
Кастилья Ла-Манча (UCLM) университети (Universidad de Castilla La Mancha) Испаниянинг давлат университети ҳисобланади. Халқаро таълим рейтинги бўйича университет жаҳоннинг энг яхши 1000 та университетлари рўйхатига киради. Университет 1982 йилда Испания Қироллигининг “Кастилья Ла Манча” Автоном округида ташкил этилган.
Университетнинг Альбасете, Куэнка, Сьюдад-Реал ва Толедо шаҳарларида филиаллари (кампуслари) мавжуд.
Айни пайтда университетда 30 000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда ва 2300 нафар профессорлар фаолият олиб бормоқда. Университетнинг бакалавриат босқичида 50 та йўналиш, магистратурада 100 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича, докторантурада эса барча фан соҳалари бўйича таҳсил олиш мумкин.
Университетнинг асосий йўналишларидан бири фундаментал тадқиқотлардир. Университетда 35 та илмий-тадқиқот марказлари ва институтлар мавжуд. Минтақавий тараққиёт институти ва Кастилья Ла-Манча илмий техника Парки шулар жумласидандир.
“АLEX-YASIN” экологик ташкилоти Испания делегациясини молиявий харажатларини тўлиқ қоплайди. Оқава сувларни тозалаб қайта ишлаш бўйича Испания дунёда биринчи ўринни эгаллашини ғурур билан эътироф этган Алехандро Пастрана Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятларини кенг йўлга қўйишдан ҳар икки томонлама манфаат устунлигини таъкидлайди.
Хуллас, делегация билан кенг қамровли музокаралар олиб борилди. Шунингдек, уларга институтнинг барча факультет лабораториялари ва илмий салоҳияти намойиш этилди. Мулоқот жараёнида делегация вакиллари билан келажакдаги ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов