Ичимлик суви қадри
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5018-сонли ҳамда 2018 йил 22 январдаги “2017 йил-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5308-сонли Фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборот тўғрисида”ги СҚ-287-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ичимлик сувини асраб авайлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдириш мақсадида, жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳридаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кенгашлар залида “Ичимлик суви қанчадан-қанча одамлар учун ҳали ҳам ширин орзулигича қолмоқда” мавзусида ёшлар билан давра суҳбати ўтказилди.
Дастлаб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўқув ишлари бўйича проректори Б.Мирзаев сўзга чиқиб, давра суҳбатининг асосий мақсади ва вазифалари ҳамда давра суҳбати иштирокчиларини таништириб ўтди.
Шундан сўнг, ичимлик суви ресурслари бебаҳо неъмат эканлиги, ҳозирги кунда ичимлик сувига бўлган муносабатимизни тиклашимиз орқалигина табиатимизни ва сувни асраб қолишимиз мумкинлиги борасида тўхталиб ўтди.
Кун тартибидаги масала бўйича, Ўзбекитон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давсувинспекция бўлим бошлиғи И.Кличханов мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилиб, шаҳар ва туманлар, жумладан, чекка ҳудудларни марказлаштирилган сув таъминотини тубдан яхшилаш имконини бераётганлигини таъкидлади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5308-сонли Фармони ижроси бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга, ичимлик сувини самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва ундан оқилона фойдаланиш, ичимлик суви сифатини назорат қилиш ҳамда оқова сувни тозалаш хизматларини ташкил этиш соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар тизимли равишда ҳал этилаётганлигини қайд этиб, кўргазмали тақдимот орқали атрофлича тушунча берди.
Шундан сўнг, шаҳардаги "Тўлқин Акром-ўғли жоме" жомеъ масжиди имом хатиби С.Сотимов сўзга чиқиб, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, ичимлик суви Аллоҳ томонидан инсониятга ато этилган бебаҳо неъмат эканлиги, сувдан мақсадсиз фойдаланган ҳолда, исроф қилиш катта гуноҳ эканлиги ҳақида қуръон оятлари ва хадислардан мисоллар келтирган ҳолда ибратли ҳикояларни айтиб, институт талабаларига бир ёқадан бош чиқариб, ичимлик сувидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича Тошкент шаҳрида, вилоятлардан келган талабалар ўзлари яшайдиган вилоятда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари лозимлиги ҳақида тушунтириш бериб, сўзига якун ясади
Кун тартибидаги масала юзасидан, Тошкентнинг “Бўзсув” бош сув иншооти бошлиғи С.Саидвалиев сўзга чиқиб, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг вазифа ва функциялари билан батафсил таништирди. Сифатли ичимлик сувини аҳоли хонадонига етказиб бериш соҳасида шаҳар миқёсида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди ва ёшларга табиий ресурсларни, хусусан ичимлик сувини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Давсувинспекциянинг марказий аппарат бўлим бошлиғи И.Кличханов институт фаол ёшларига ташкилотнинг асосий вазифаси, функциялари ҳақида ахборот бериб, марказий аппарат ва Тошкент шаҳар ҳудудий инспекцияси ишонч телефон рақамларини маълум қилди.
Тадбир давомида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти фаол талабалари ичимлик сувини тежашнинг самарали воситаларини ишлаб чиқиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ичимлик сувини истеъмол қилиш маданиятини ошириш, тарғибот ва ташвиқот ишларни жадаллаштириш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Бундан ташқари ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Жумладан, мазкур институтнинг “Иқтисодиёт ва Менежмент” факультети талабаси У. Файзуллаев, ичимлик суви соҳасида қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳақида тўлиқроқ маълумот беришлари ҳақида сўради.
Давсувинспекциянинг бўлим бошлиғи И.Кличханов мамлакатимизда соҳага оид қабул қилинган Фармон ва қарорлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Институт ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси Акмал Бердимуродов ахбороти,
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.