Табиат ва тириклик неъмати

2018  йил 7 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факультети, “Тупроқшунослик ва деҳқончилик” кафедраси ўқитувчи ходимлари Абдусамат Ахатов, Вафобой Ширимбетов, Шукурулло Зиядов, тарбиячи педагог Жавлонбек Қутлимуротовлар “Табиат неъмати, тириклик асоси  сувни асраш” мавзусида давра суҳбати ўтказишди.

Сувдан оқилона фойдаланиш табиатнинг бебаҳо бойлиги. Сув - ҳаёт манбаи, сув – бу ҳаёт, сув – бу табиатдаги барча жонзотлар, ўсимлик дунёси учун энг керакли манбадир. Қадимдан ота-боболаримиз сувни табиатнинг бебаҳо бойлиги, неъмати деб билган ва уни тежаб сарфлашга ҳаракат қилишган.

Бугун нафақат шаҳардаги хонадонларимизда, балки қишлоқдаги хонадонларда ҳам барча қулайликларга эга уйлар бўлиб, уларда иссиқ ва совуқ сув муҳайё. Аммо айрим юртдошларимиз ана шу бебаҳо неъматни тежаб сарфлашга ҳаракат қилишмайди. Эрталаб бир ювиниш ёки тишни тозалаш учун сувни очиб – қуйиб, 3-4 литр сувни ортиқча сарфлашади. Айрим бекалар идиш-товоқ ювиш учун ҳам сувни беҳудага оқизиб қўйишларига нима дейсиз?

Кўп қаватли уйларда яшовчи бекаларимиз жуда кўп миқдорда сув сарфлаб гиламларини ичимлик сувида ювишади, айрим ҳамюртларимиз «Пулини тўлаб қўйибмиз-ку» деган қабилида иш кўриб, ичимлик суви билан томорқаларини суғоришади.

Яқинда бир хонадон бекаси ўксиниб гапирди, унинг турмуш ўртоғи ёши бир жойга бориб қолган мўйсафид бўлса-да, ҳар куни 400-500 литр сувни фақатгина ювиниш учун сарфлаши ва натижада бир ойда сув учун тўлов миқдори 100 минггача етиб бориши оилага қийинчилик туғдираётганини айтди. Оиладагилар оқсоқолга «сувни тежанг» деб илтимос қилишса-да, у янада сувни оқизиб қўйишни давом эттираётганини куюниб айтди.

Бундай инсонлар орамизда қанча. Кўпинча, чет эл фильмларида стаканда сув олиб тишини юваётганини гувоҳи бўламиз. Бугунги кунда одамзот табиат бойликлари сув, газ ва бошқа бойликларни ўзига буйнсундириб ундан турли соҳаларда фойдаланмоқда.
Ана шундай сув тежаб сарфланмаётган бир вақтда дунёнинг айрим аниқроғи бир миллиарддан кўпроқ аҳолиси тоза ичимлик сувисиз қийналиб яшамоқда. Бутун жаҳон Сув Кенгаши маълум қилишича, 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг учдан икки қисми чучук сув танқислиги муаммосига дучор бўлиши мумкин экан.

Бугунги кунда юртимиз қишлоқ хўжалигида ҳам “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон республикасининг Қонунида белгиланган сувни тежовчи технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва ускуналарини такомиллаштиришга қаратилган меъёрларнинг ҳар бир ҳудудда бажарилишига катта аҳамият қаратилмоқда.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг 98 фоизи суғорма деҳқончилик ҳиссасига тўғри келар экан. Суғориладиган майдонларни ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини сув билан таъминлаш учун 180 минг км. канал, 141 минг км. зовурдан иборат сув хўжалиги тизимидан иборат. Уларнинг самарали ишлаши учун ҳар йили Давлат бюджетидан катта маблағ ажратилмоқда.
Жонажон Ўзбекистонимиз ҳудудида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги иншоотларини такомиллаштириш ва замонавийлаштириш борасида катта ишлар қилиниши натижасида, яъни сувни тежайдиган технологиялар (томчилатиб, ёмғирлатиб, эгатга плёнка тўшаб, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш) кенг жорий этилиши туфайли сувдан анча тежалиб фойдаланилишига эришилган.

Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишга доир муносабатларни тартибга солиш мақсадида Сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилган бўлиб, улар ҳам бугунги кунда сув истеъмоли ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни бир тизимга солиш борасида ўз фаолиятларини янада яхшилашлари зарур. Бугунги кунда ишлатилаётган оби-ҳаётнинг 88 фоизи қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади.

Умуман, юртимизда маиший хизмат соҳасида 8 фоиз, энергетика соҳасида 1,5 фоиз, саноатда 2 фоиз ва балиқчилик тармоғида эса 0,5 фоиз сувдан фойдаланилади. Жаҳон табиатни асраш фонди маълумотларида сарфланаётган чучук сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалиги, 20 фоизи саноат ишлаб чиқариши, атиги 10 фоизигина маиший истеъмолга йўналтирилаётгани қайд этилаяпти.

 2050 йилга бориб эса экинзорларга оби-ҳаёт заҳираларининг 90 фоизи йўналтирилиши мумкин. Шунингдек, бугунги кунда электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётгани ҳам айнан сув билан боғлиқдир. 2030 йилга бориб бундай эҳтиёж 55 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Кўриниб турибдики, сув манбаларидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистонда сув бўйича 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларида сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳақида қайд этилган ва уни такомиллаштириш борасида доимий иш олиб борилмоқда.

Сув манбаларидан оқилона фойдаланиш бўйича қонунчилик такомиллашиши қишлоқ хўжалиги замонавийлашишига, экотизим яхшиланишига, бир сўз билан айтганда, тириклик манбаи бўлган сувга муносабат ўзгаришига замин яратади.

Шундай экан, биз аҳоли ўртасида доимий равишда сув тежаш ва уни иқтисод қилиш бўйича доимий тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.

 

4 - ТТЖ тарбиячи-педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти,

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.