Талабалик ҳам шараф

Таълим тизимида янги куч-қувват, янги ғоя, янги режалар одатда, янги ўқув йили олдидан бўлади. Муҳими, ўзининг билими ва интеллектуал қобилияти билан ажралиб турган талабалик сафига қабул қилинган талабаларнинг севинчи бу борада чексиз. Таълимнинг юқори босқичига қадам қўйиб илм сирларини эгаллашга интилаётган ёшларнинг ғайрати ва талабчанлик салоҳияти педагогларни ҳам шодлантириши аниқ. Ана шундай кўтаринки кайфият 5 сентябрь куни институтимизнинг маданият саройига жам бўлган барча иштирокчиларни чулғаб олди. Талабалик сафига қабул қилинган ёшларни табриклаш институтдаги ўқув-таълим жараёни билан таништириш йўсинида ташкил этилган тадбир узоқ вақт талабаларнинг ёдида сақланиб қолиши тайин.

Институтимиз ректори Ў.Умурзаков шаффофлик асосида ўзининг ҳақиқий  билимлари асосида талабаликка қабул қилинган 1 - босқич талабаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрами ва янги ўқув йили билан қизғин қутлади.

Ректор ўз нутқларида мустақиллик сиёсати боис эришаётган ютуқларимиз, ўқиш ва ўқитиш жараёнида таълим сифатининг аҳамияти борасида сўз юритиб, жумладан қуйидагиларни қайд этдилар.

27 йил тарих олдида қисқа муддат бўлса-да, Она юртимиз тарихида улкан воқеаларга бой бўлди. Айниқса, кейинги икки йил Республикамиз ҳаётида кескин янгиланиш, тараққиёт ва халқ манфаати йўлидаги залворли ислоҳотларга бой бўлди. Озодлик тушунчасининг моҳиятини ободлик ва шодлик билан ҳис этиш мумкин. Шунинг учун ҳам “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари элимиз шодлиги ва фаровонлигига қаратилгани сир эмас.

Муҳтарам Президентимиз йўлбошчилигидаги ушбу хайрли ҳаракатлар ва истиқболли режалар халқ розилиги билан боғлангани, бунинг замирида эса мамлакатимизни янада ривожланган давлатлар сафида кўриш истаги борлигини ҳаммамиз биламиз. Барча соҳалардаги кескин ўзгаришлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларида олиб борилаётган оқилона ва одилона сиёсатнинг моҳияти борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Қалби қайноқ, қўли қадоқ, олижаноб халқимизда азалдан яратувчанлик иштиёқи, улуғ мақсадлар сари юксак ишонч билан дадил қадам ташлаш завқи бор. Шунинг учун ҳам Президентимизнинг қатъий ишонч билан "Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз" - деган даъватларида ҳам улуғ ҳақиқат бор.

Халқ хўжалигининг барча жабҳалари каби сув хўжалиги, ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор берган, Ҳақ розилигини халқ розилигидан топишни ният қилган Президентимиз ўтган йили Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати  билан тантанали тадбирда  худди шундай руҳдаги ибратли мулоҳазаларни илгари сурганлари бежиз эмас.

Президентимиз касбий байрамимиз билан табриклай туриб, “қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларимнинг энг кўпи  қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлашади”, - дея ўз нутқини бошлаганлари ҳамон ёдимизда.

Меҳнати шарафли, нони тотли бўлган деҳқонларимизнинг шу пайтгача касбий байрами бўлмаганини, улар халқимизни боқадиган, кийинтирадиган, ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи эканини қайд этганларида ҳам ана шу меҳр ва самимият борлигини илғаб олиш қийин эмас.

Деҳқончилик ҳам илм. Ерга уруғ сочишдан тортиб, уни парваришлаб, ҳосил ундириб, йиғиб-териб олишгача бўлган жараён катта илмий назар, тажриба ва кўникмани талаб этади. Албатта, бу жараённи табиий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, тупроқ таркибини жиддий ўрганиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Илм шунчаки, фан учун, илмий рисола ёки монографиялар учун эмас, балки у ишлаб чиқариш билан бевосита боғланиши зарур. Илм ҳаётга, ишлаб чиқариш жараёнига хизмат қилмас экан, унинг қиймати йўқ. Илмнинг кучи унинг амалга  кўчишида.

Бундай ҳаракатларимизнинг самарасини хориж давлатларнинг илғор тажрибаларидан кенг ва мақсадли фойдаланиш, чет эл инвестицияларини киритиш орқали таъминлаш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда ва тақозо этмоқда. Бу деярлик барча соҳа учун муҳим, айни пайтда давлатлараро ҳамкорлик ва дўстлик риштасини мустаҳкамлашга ҳам замин ҳозирлайди.

Шу йилнинг ўзидаёқ, институтимизда Япония, Хитой, Германия, Корея, Россия, АҚШ, Венгрия, Туркия каби хорижий давлатларнинг фан-таълим мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар ҳамда имзоланган меморандумлар, Кластер марказининг ишга туширилиши шу йўсиндаги фикримизнинг исботидир.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг яқинда Бекобод туманида вилоят фермерлари билан учрашувда “Бизнинг камчилигимиз – қишлоқ хўжалигида илмни ишлатмаймиз. Дунё бозорида рақобат шафқатсиз. Унга муносиб бўлиш учун, аввало, илм керак. Яхши нав, яхши қаров, инновацион технологиялар керак”, - деган фикрлари институтимизнинг талабаси бўлган сиз азизларга ҳам бевосита дахлдордир.

Қишлоқ хўжалиги ва ирригация соҳасининг тараққиётини илм билан боғлаб ўрганган изланувчан, интеллектуал салоҳиятли талабалар биз учун умид ва ишонч, қутлуғ қадам ва ёруғ келажакдир.

Президент ташаббуси билан қабул қилинган “Ёшлар - келажагимиз” дастурининг амалий мақсадлари ҳам сизнинг истиқболингизга тегишли. Бу – сизлар учун ҳам масъулият, ҳам мажбурият.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга қаратилган қатор қонун ва қарорлари, хусусан бизнинг институтимизга дахлдор бўлган жорий йилнинг 8 май куни қабул қилинган “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 3702- сонли қарорининг ижроси биз учун дастуруламал бўлиши керак. Унда сув хўжалиги, ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар аниқ ифода этилган. Бу эса таълим сифатини юқори босқичга кўтариш ва кадрлар масаласини жиддий ўйлаш зарурати сиз олаётган таълим ва ўзлаштираётган билим даражангизга боғлиқ.

Сўзим якунида сизларни талабалик сафига қабул қилинганингиз билан яна бир бор табриклай туриб, юрт учун фидойи, ғайрат-шижоатли, ўқиш ва ўрганишда асло толмас, илм сари интилувчан ёшлар эканингизга ишонч билдираман.

Ҳадисшунос аллома Имом Бухорийнинг ушбу мулоҳазаларини доим ёдингизда тутасиз деган умиддаман. “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.”

Президентимизнинг “Илм, изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай, ривожланиш, юксалиш ва умуман, бирор бир соҳанинг келажаги бўлмайди”- деган қатъий фикри ва даъватига садоқатли ва муносиб бўлиш сизларга ярашади, азиз талабалар. Сиз-у бизнинг ғуруримизга боис бўладиган яна бир жиҳат шундаки, давлатимиз раҳбари айнан сиз талабаси бўлган шу институтда ўқиб, фаолият кўрсатганларидир. Шундай экан, уларга муносиб ва ғояларига садоқатли бўлиш фуқаролик бурчимиз, юрт тақдирига дахлдорлигимиздир.

Ушбу ўгитлардан тўғри хулоса чиқарган ҳар бир мутахассис таълим ва тажрибани, малака ва кўникмани, назария ва амалиётни уйғун олиб боришгина муваффақиятлар гарови ва тараққиётнинг муҳим омили, мустаҳкам пойдевори бўлишини идрок этмасдан қолмайди.

Шундан сўнг талабаликка мушарраф бўлган талаба томонидан талабалик қасамёди ўқиб эшиттирилди. Ёшларни табриклаш учун тарих фанлари доктори, профессор Шоҳиста Ўлжаевага сўз берилди. Улар талабаларни ва институт аҳлини байрам билан табриклаб ёш авлодга омад таълим жараёнида муваффақиятлар ёр бўлишини тиладилар.

Институтимизниг фахрий меҳмони Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов сўзга чиқиб мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ёшлар учун берилаётган имкониятлар ҳақида сўз очиб талабаларни самимий табриклади. Сўнгра тадбирнинг бадиий қисмида институт талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов