“E-UNIVERSITET” - ОТМ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШНИ АВТОМАТЛАШТИРИШДА ЯНГИ ҚАДАМ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимов раислигида 2019 йил 21 сентябрь куни Тошкент давлат педагогика университетида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур университетда жорий этилган таълим, илмий ва маъмурий фаолият жараёнларини бошқаришни автоматлаштиришга қаратилган «E-univesitet» ахборот тизими ва «E-minbar» дастурий платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.

 

 

Тақдимот давомида Тошкент давлат педагогика университетида таълим жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишларга асосий эътибор қаратилди.

Жумладан:

- университетнинг таълим, илмий ва маъмурий фаолияти жараёнларини бошқаришни автоматлаштиришга қаратилган  “E-universitet”” ахборот тизимининг 15 та компонентдан иборат таркибий тузилмаси ишлаб чиқилди.  Бугунги кунда “E-universitet” ахборот тизимининг бошланғич 8 та компоненти дастурий платформа кўринишида таълим жараёнига жорий қилинди;  
- талабалар ва профессор-ўқитувчиларни идентификация қилиш тизими (FingerPrint технологияси асосида) орқали кириш-чиқишини назорат қилиш электрон тизими Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида татбиқ этилган ахборот тизимлари (Е-минбар) тажрибасини ўрганиш асосида жорий этилди;
- Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида татбиқ этилган ахборот тизимларидан Е-минбар тажрибасини ўрганиш  ҳамда университетда айни вақтга қадар жорий қилинаётган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш натижасида Smart-аудитория фаолияти йўлга қўйилди.

Smart-аудитория ўзида FingerPrint, Smart-минбар, мультимедия проектори каби замонавий ахборот технологияларини жамлаган тизим.  

FingerPrint технологияси талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг бармоқ изларини сканерлаш асосида давоматни автоматик тарзда аниқлайди ҳамда марказий серверда қайд этиб боради. Ушбу электрон қайдлар ёрдамида гуруҳ ва факультет кесимида жорий санада машғулотларда қатнашмаётган талабалар, семестр давомида кўп дарс қолдирган талабалар тўғрисидаги ҳисоботлар автоматик тарзда шаклланади.

Ушбу технология ўқитувчининг дарс бошланишида анъанавий йўқлама (давомат аниқлаш) учун сарфлайдиган вақтини тежаш билан бирга факультет ва кафедралардаги масъул ходимларнинг иш самарадорлигини ва шаффофлигини оширади. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни таълим жараёнига, машғулотларни ташкил этишга алоҳида масъулият билан қарашга ундайди.

E-минбар дарс материалларини мавзу баёнидан чалғимасдан тушунтиришда янги технология бўлиб, ўқитувчи учун керакли бўлган турли маълумот ва ускуналар билан жиҳозланган. Овоз кучайтириш мосламаси ўқитувчи ва намойиш қилинаётган мультимедия материаллари овозини ўқувчиларга яхши етиб боришини таъминлайди.

Дарсни бир вақтда вебинар кўринишида олиб боришга мўлжалланган конференц-алоқа платформаси дарсда қатнашмаётган талабаларга машғулотни онлайн тарзда кузатиш ва ўзлаштириш имконини беради.

Дарс вақтида кўп зарурат туғиладиган, масалан проектор экранини бошқариш, ёритиш чироқларини ўчириш ва ёқиш, хонадаги пардаларни тушириш ва кўтариш каби амалларни ўқитувчи ўз жойидан туриб touchscreen ёрдамида амалга оширади.

E-минбар дастурий платформаси профессор-ўқитувчига ўзининг виртуал кабинетидаги ишини ташкил қилиш, жорий сана учун дарс жадвали, тақвим-мавзули (календарь-тематик) режа, бугунги мавзу ва дарсга оид бошқа маълумотлар билан танишиш, машғулот давомида талабаларга мавзу доирасида янада кўпроқ маълумот беришда қулай восита ҳисобланади.

Универистетда Беларусь давлат педагогика университети билан қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган “Инновацион педагогика”    факультетида маърузалар ўзаро  тасдиқланган жадвал асосида онлайн (вебинар) шаклда ташкил қилинмоқда. Маърузаларга Беларусь давлат педагогика университетининг етук профессор-ўқитувчилари жалб қилинган. Онлайн вебинар машғулотлар conf.uzcloud.uz махсус платформасида олиб борилмоқда. Ушбу платформа видео, овоз ҳамда ўқитувчининг компьютеридаги тақдимотини бир вақтда трансляция қилиш, шунингдек вебинарни тўлиқ ёзиб олиш имконини беради.

Университетда АКТ инфраструктурасини ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди, жумладан, мавжуд  компьютерлар сони 1272 тани ташкил қилади ва улардан ўқув, бошқарув жараёнларида самарали фойдаланилади. Университет ахборот ресурс марказида 87 та, талабалар турар жойида 46 та  компьютерлар талабалар ихтиёрида. Университет ахборот тизимларини юритиш учун жами 9 та сервер хизмат кўрсатади.

Қўйилган топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан шу кунга қадар 115 дона 50” ва ундан катта ўлчамли замонавий   телевизорлар, 9 дона интерактив доска харид қилиниб, улардан ўқув жараёнида мультимедия маълумотларини намойиш этиш учун фойдаланиб келинмоқда.

Интернет тезлиги ҳозирги вақтда 160 Мб/с ни ташкил қилади. Барча талабалар турар жойлари ягона локал ва интернет тармоғига уланган. Талабалар контингентининг ортиши, ҳамда тақдим этилаётган онлайн материаллар қамровининг кенгайганлиги муносабати билан интернет тезлигини 200 Мб/с гача ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тарих ва физика-математика факультетлари ўқув биноларини оптик алоқа линияси орқали ягона локал ва интернет тармоғига улаш, шунингдек мавжуд локал тармоқ қуриш учун “GELIOS LINE TECNOLOGY” хусусий корхонаси билан 70 294  800 сўмлик шартнома тузилди. Айни вақтда монтаж ишлари якунига етказилиб, юқоридаги ўқув биноларидаги 135 та фойдаланувчи локал ва интернет тармоғига уланиш имкониятига эга бўлди.

Ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида ягона Wi-Fi тармоғини ташкил қилиш учун қўшимча 50 дона саноат Wi-Fi қурилмалари ҳарид қилинди ва ўрнатилди. Ушбу қурилмаларнинг ҳар бири 300 та фойдаланувчини интернет тармоғига улаш имконини беради.

Ўқув аудиторияларидаги тартиб-интизом ҳамда профессор-ўқитувчилар ўтаётган машғулотларни  бевосита кузатиш ва таҳлил қилиш мақсадида 1-3 ўқув биноларидаги ўқув аудиторияларига жами 270 та  овозли кузатув камералари ўрнатилган. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими томонидан юқоридаги тизимдан фойдаланган ҳолда машғулотлардаги давомат,  профессор-ўқитувчи ва талабаларнинг дарсдаги фаоллиги тизимли равишда  ўрганиб, таҳлил қилиб борилмоқда.  

Университетда videodars.tdpu.uz – маъруза машғулотларини видео-каталоги яратилган. Ушбу каталогга 46 та видеодарс жойлаштирилган. 
2019-20 ўқув йилининг биринчи ярим йили якунига қадар 200 та видеодарсни тасвирга олиш ва тизимга жойлаштириш режалаштирилган.

Йиғилиш якунида юқоридаги айтиб ўтилган ахборот тизимларини республика олий таълим муассасаларида жорий этилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Манба: edu.uz