Тараққиёт механизми ва тил тактикаси
Бугунги кунда ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ҳатто, халқаро майдондаги муносабатларнинг ҳам калити тил тактикаси билан боғлиқ экани ойнадек равшан. Нега биз чуқур билимга, теран тафаккурга эгамиз-у, лекин фикримизни содда, равон ва таъсирчан ифода этишдан йироқмиз? Бўйи баробар китоблар ёзган айрим олимлар ҳам минбарга чиқиб, микрофонни ушлаб жамоага юзлангани ҳамоноқ, ўзини йўқотиб қўяди. Бунинг боиси нима? Бир сўз билан айтиб бўлмайди буни.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг профессор-ўқитувчилари билан ўтказилган очиқ маъруза ва ижодий мулоқотда худди шу муаммоларга эътибор қаратилди.
Институт “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш” бўлимининг бошлиғи, филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов томонидан “Тил тактикаси – тараққиёт стратегиясининг таъсирчан механизми” мавзуида ўтказилган ижодий учрашувда қуйидаги фикрлар ўртага ташланди.
Нутқий маҳоратга эга бўлиш нималарни талаб этади? Тинимсиз машқ, машаққатли жараён дегани бу. “Машқда қанча кўп тер тўксанг, жангда шу қадар кам қон тўкасан,” - деганида рус ҳарбий саркардаси Суворов юз бора ҳақ. Биз ҳозиргача унинг чўққисига чиқишга интиламиз, лекин уддасидан чиқа олмаймиз. Нотиқлик санъатини ўргатиб туриб ўрганишда давом этамиз. Қояни кўриб турибмиз, унга интилиш учун мақсад ва ғоя ҳам аниқ, лекин вояга етмаганмиз назаримда. Бир карра таълим бериш, аслида, икки карра таълим олиш деганидир.
Мавзуни таъсирчан ифода этишда қўлланиладиган турли методлар устида ишлаш ҳар бир педагогнинг бурчи. Бугунги кунда, глобаллашув замонида педагогларимизга юкланаётган масъулият ҳисси ва мажбурият бурчи ҳам шу.
Тадбир давомида педагоглар нутқ малакаларини шакллантириш ва нутқий кўникмани ҳосил қилиш учун ўз устларида ишлаш зарур эканликларини яна бир бор ҳис этишди. Чунки, бусиз тараққиётга ҳам, маънавиятга ҳам эришиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам маънавият ва мафкуранинг, таълим ва тарбиянинг муҳим қуроли ва маёғи бўлган тил тактикаси муҳим эканлигини унутмаслик керак. Яқинда институт талабалари билан ўтказилган ижтимоий сўров натижасида ҳам худди шу шу борадаги камчиликларимиз эътироф этилган. Ўз машғулотларини қизиқарли тарзда, аудитория диққатини жалб этмасдан ўтиш тузсиз таом едириш демакдир. Таомнинг таъми туз билан, одамнинг табъи сўз билан, сувнинг таъми муз билан эканлиги доимо ёдда туриши шарт. Педагоглар ҳаракати талабаларнинг фандан безиб кетишига сабабчи бўлмаслиги зарур. Тинимсиз изланиш ва машқий жараёнгина ўзининг ижобий маънодаги натижаларини бериши аниқ. Ижтимоий восита қуроли бўлган тилдан фойдалана олиш имкониятларининг кенгайиши кўпроқ китоб мутолааси билан боғлиқ экани аён. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, китоб билим, фикр ва нутқнинг онаси ва ойнасидир.
Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиздир,” - деганларида шубҳасизки, унинг рўёбини таъмин этувчи тил тактикасини ҳам назарда тутганлари сир эмас.
Бир соат давом этган ушбу мулоқот назарий билим, бадиҳагўйлик ва юмор билан суғорилган руҳда ўтди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов.